Африка давлатлари глобал иқлим солиғини жорий этишга чақирди
Олам
−
06 Сентябрь 2023
2560Африка давлатлари энг қашшоқ мамлакатларга, жумладан Африкадаги мамлакатларга иқлим ўзгариши оқибатларини енгишда ёрдам берадиган дастурларни молиялаштириш учун глобал солиқ тўлашга чақирди. Ушбу норма Кенияда якунланган Африка иқлим саммитида қабул қилинган Найроби декларациясида қайд этилди.
“Найроби декларацияси иқлим ўзгаришига қарши кураш бўйича глобал ҳаракатнинг янги босқичига асос бўлиб хизмат қилади. Биз барқарор ривожланиш кун тартибида ижтимоий ва иқтисодий ўзгаришларни биринчи ўринга қўйишга қарор қилдик”, деган Кения Президенти Уилям Руто саммит якунида.
Унинг таъкидлашича, саммит давомида Африка давлатлари биргаликда ҳаракат қилиш қобилиятини намойиш этган ва ҳеч кимда "инсоният келажаги Африкада" эканига шубҳа қолмаган.
Айтиш жоизки, Найроби декларацияси сайёра иқлимини ҳимоя қилиш дастурларини молиялаштириш учун глобал солиқни таклиф қилади. Африка давлатлари айнан нимага солиқ жорий қилмоқчи экани ҳали номаълум, аммо саммит арафасида молиялаштиришнинг эҳтимолий манбаси аниқланган. Бу жаҳон молия тизимидаги транзакциялардан олинадиган йиғимларни назарда тутади.
Шунингдек, декларация ривожланаётган мамлакатларни унга жалб қилиш орқали халқаро молия тизимини ислоҳ қилишга чақириқни ўз ичига олади. Африка мамлакатлари учун, жумладан, Халқаро валюта жамғармаси орқали имтиёзли кредитлашни жорий этиш, шунингдек, қитъанинг бир қатор давлатларининг давлат қарзи муаммосини ҳал этиш таклиф қилинмоқда.
Африка давлатлари ноябрь ойида Бирлашган Араб Амирликларида очиладиган БМТнинг иқлим ўзгариши бўйича конференциясига (COP28) Найроби декларациясини тақдим этиш ниятида.
Маълумот учун, иқлим бўйича саммит биринчи марта Африкада бўлиб ўтди. Унинг асосий мавзуси "Яшил ўсишни рағбатлантириш ҳамда Африка ва дунё учун иқлимни молиялаштириш ечимлари" бўлди. Учрашувда Африканинг 17 давлат ва ҳукумат раҳбарлари, БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш, олимлар, йирик инвесторлар, энг янги технологиялар соҳасидаги экспертлар иштирок этди. Саммит Кения ва Африка Иттифоқи ҳомийлигида ўтказилди.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ мазкур саммитда қатнашган Антониу Гутерриш БМТ Хавфсизлик кенгашининг доимий аъзолари орасида Африка вакили ҳам бўлиши кераклигини айтганди.
LiveБарчаси