Бангладешда кучли ёғингарчиликдан 4,5 млн киши жабрланди
Олам
−
24 Август
1614Кеча, 23 август куни Бангладешда ёғган кучли ёмғир ва “Дҳамбур” тўғонининг ёрилиши оқибатида юзага келган тошқинлар камида 13 кишининг ҳаётига зомин бўлди, 4,5 миллион киши жабрланди. Бу ҳақда “Hindustan Times” нашри хабар берди.
Қайд этилишича, Бангладешда июлдан октябргача бўладиган муссон ёмғирлари туфайли дарёларнинг тошиб кетиши оқибатида юзага келган сув тошқини мамлакатда сўнгги 37 йилдаги энг ёмони бўлган. Минглаб қишлоқ ва аҳоли пунктлари сув остида қолган. Бангладешнинг бир қанча ҳудудларида электр энергияси узилган. 1,8 мингдан ортиқ мобил алоқалар ишдан чиққан.
Табиий офатларни бошқариш ва ёрдам кўрсатиш вазирлиги котиби Камрул Ҳасан ОАВга берган ахборотида тошқинлар камида 13 кишининг ўлимига сабаб бўлгани ва 800 мингга яқин одамни уйсиз қолдирганини маълум қилди.
Бангладеш армияси, денгиз флоти, қирғоқ хавфсизлиги, чегара қўриқчилари, ўт ўчириш хизмати, полиция ва камситишга қарши талабалар ҳаракати аъзолари ҳамда нодавлат нотижорат ташкилотлари сув босган ҳудудларда ёрдам чоралари билан шуғулланмоқда, муваққат ҳукумат эса сув босган ҳудудларга ёрдам бериш учун маблағ йиғишни бошлаган.
“Биз ҳозир сув тошқинидан зарар кўрган ҳудудлардаги бошпана марказларини қуруқ озиқ-овқат, ичимлик суви ва ҳожатхоналар билан таъминламоқдамиз”, дейди дунёдаги энг йирик нодавлат ташкилоти Brac’нинг табиий офатлар хавфини бошқариш дастури директори Лиакат Али.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ямандаги сув тошқинлари оқибатида камида 60 киши ҳалок бўлганди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь