Бакуда норозилик намойиши. Полиция 150 кишини қўлга олди
Олам
−
12 Ноябрь 2022
15530Кеча, 11 ноябрь куни Баку марказида бўлиб ўтган норозилик акцияси чоғида 150 га яқин одам ҳибсга олинди. Бу ҳақда “Line of Defense” инсон ҳуқуқлари ташкилоти аъзоси Зафар Аҳмедов Турон ахборот агентлигига.
Унинг сўзларига кўра, акция бошланишидан олдин ҳам бир гуруҳ одамлар қўлга олинган. Ҳибсга олинганларнинг рўйхати аниқланмоқда.
Акция Озарбайжон Халқ фронти партияси томонидан йиғилишлар эркинлиги, қуруқликдаги чегараларни очиш, сиёсий маҳбусларни озод қилиш, эркин сайловлар ўтказиш ва демократик ислоҳотлар талаби билан ташкил этилган.
Аҳмедовнинг сўзларига кўра, бу сафар милиция олдинги ҳаракатга нисбатан ҳаддан ташқари куч ишлатган. Хусусан, мухолифатдаги Миллий кенгаш ва “Мусават” партияси аъзоси Тофиқ Ёқублу ва бошқа бир қатор фаоллар шафқатсизларча калтакланган.
Акция деярли бир соат давом этган. Шу вақт ичида кўп сонли милиция ходимлари Ичкари-шаҳар метро бекати яқинида шиорлар айтиб ҳайқирган ёки тўда бўлиб пойтахт ҳокимлиги биноси томон ҳаракатланаётганларнинг барчасини тўхтатган.
Озарбайжон Ички ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, соат 16:00 атрофида бир гуруҳ одамлар Баку шаҳар ижроия ҳокимияти биноси олдида келишилмаган митинг ўтказишга уринган. Уриниш полиция томонидан тўхтатилган ва бу шахслар ҳудуддан олиб кетилган. Маълум қилинишича, акция иштирокчиси, муқаддам судланган, маст ҳолатда бўлган Р.Маммадов милиция автомашинасининг орқа ойнасини синдириб, бунинг учун қўлга олиниб, ички ишлар бўлимига олиб кетилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
“EADaily”нинг хабар беришича, Озарбайжон Ички ишлар вазирлиги Баку мэрияси яқинидаги митинг шаҳар ҳокимияти томонидан рухсат этилмагани ва уни ўтказиш полиция томонидан тўхтатилиши ҳақида огоҳлантирган.