Бахтиёр Саидов АҚШ Давлат котиби билан қўнғироқлашди
Жамият
−
21 Февраль
2630Бугун, 21 февраль куни Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов АҚШ Давлат котиби Марко Рубио билан телефон орқали суҳбатлашди. Бу ҳақда Саидов ўз Telegram-каналида ёзиб қолдирган.
“Бугун АҚШ Давлат котиби Марко Рубио жаноблари билан биргаликда телефон орқали самимий ва самарали суҳбат қурдик”, дея ёзган Саидов.
Унинг маълум қилишича, суҳбат давомида икки ва кўп томонлама мавзулар муҳокама қилинган ва давлатлар ўртасидаги шерикликни кенгайтириш бўйича келишиб олинган.
“Икки ва кўп томонлама алоқаларининг муҳим мавзуларини муҳокама қилдик. Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ва АҚШ Давлат департаменти мамлакатларимиз ўртасидаги стратегик шерикликни барча соҳаларда кенгайтириш йўлида яқин ҳамкорликни давом эттиришига келишиб олдик”, дея ёзади вазир.
Шунингдек, Саидов ҳар икки йўналишда товар айирбошлаш ҳажмини ошириш ва бошқа мавзулар куннинг асосий мавзуси бўлганини қўшимча қилган.
“Ишбилармон доиралар ўртасида мустаҳкам кўприклар барпо этиш, ҳар икки йўналишда товар айирбошлаш ҳажмини ошириш, Марказий Осиё ва ундан ташқарида фаровон тараққиётни таъминлаш кун тартибимизнинг асосий қисмидан ўрин олди”, дея ёзиб қолдирган у.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича Олий вакили, Европа комиссияси вице-президенти Кая Каллас билан телефон орқали мулоқот ўтказганди.
LiveБарчаси