“Бахти Ташкентский”га яна бир айблов қўйилди
3-саҳифа
−
08 Февраль
25124Жиноят оламида “Бахти Ташкентский” лақаби билан танилган Бахтиёр Қудратуллаевга янги айблов қўйилди. Бу ҳақда QALAMPIR.UZ’га ҳуқуқ-тартибот органларидаги манбаси хабар берди.
Қайд этилишича, Ўзбекистонда ўтган йил охирида криминоген вазиятни яхшилаш, жиноятчиликка қарши курашиш борасида ўтказилган “Долзарб 40 кунлик” тадбирлари давомида қўлга олинган Бахтиёр Қудратуллаевга яна бир айблов қўйилган.
Манбага кўра, унга нисбатан Жиноят кодексининг 242-моддаси (Жиноий уюшма ташкил этиш) бўйича айблов эълон қилинган. Қўлланилган қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси эса ўзгаришсиз қолдирилган.
Агар Бахтиёр Қудратуллаевга қўйилган қўшимча айблов ўз исботини топса, у 15 йилдан 20 йилгача озодликдан маҳрум қилиниши мумкин.
Маълумот учун, Бахтиёр Қудратуллаев Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 165-моддаси (Товламачилик) 3-қисми “а” банди – жуда кўп миқдорда товламачилик ва 276-модда (Гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзламай қонунга хилоф равишда тайёрлаш, эгаллаш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар) 2-қисми “а” банди – кўп миқдорда гиёҳвандлик воситаларини сақлаш билан гумонланиб, ҳибсга олинганди. Кейинчалик, у Жиноят кодексининг 165-моддаси (Товламачилик) 3-қисми “а” бандига қўшимча равишда, ушбу модданинг “в” банди – уюшган гуруҳ томонидан ёки унинг манфаатларини кўзлаб жиноят содир этганликда ҳам айблангани очиқланди.
Эслатиб ўтамиз, Бахтиёр Қудратуллаев 2023 йилнинг 28 ноябрь куни соат 21:45 ларда Тошкент шаҳар, Яккасарой туманидаги уйидан ички ишлар ходимлари томонидан олиб кетилганди. У жамоат жойида ИИО ходимларига нисбатан бақир-чақир қилиб, жамиятда юриш-туриш қоидаларини қасддан бузган. Шунингдек, у ИИО ходимларининг ИИБ биносига бориб шахсига аниқлик киритиш ҳақидаги қонуний талабларини бажармаган.
Суд ҳукмига кўра, Бахтиёр Қудратуллаев Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддаси ва 194-моддаси 1-қисмида назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарликларни содир қилган деб топилиб, унга нисбатан 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланганди.
Шундан сўнг унинг адвокати судга қарор бўйича апелляция шикояти берган. Аммо 9 декабрь куни суд томонидан апелляция шикояти кўриб чиқилиб, рад этилган.
15 суткага қамалган “Бахти Ташкентский” жазони ўтаб бўлганидан сўнг, у тергов ҳаракатлари давомида қамоқда сақланиши учун прокурор томонидан санкция қўлланилган.