“Бахти Ташкентский”нинг суди
3-саҳифа
−
03 Июнь
14403Бугун, 3 июнь куни “Бахти Ташкентский” номи билан танилган Бахтиёр Қудратуллаевга оид очиқ суд бошланди.
Шу вақтга қадар Бахтиёр Қудратуллаев ва унга алоқадор 36 нафар судланувчига нисбатан “қамоққа олиш” ва 1 нафарига “гаров” тарзидаги эҳтиёт чоралари қўлланилганди. Терговга жалб қилинганлар ва айни вақтда ушбу айбловлар билан ҳибсда сақланаётганлар орасида Қудратуллаевнинг икки ўғли ва акаси ҳам бор.
Жиноят ишлари бўйича Юнусобод судида бўлиб ўтган биринчи суд мажлисида, судланувчиларга нисбатан қўйилган айбловлар кўриб чиқилди. Ишда Жиноят ишлари бўйича Шайхонтоҳур туман суди судьяси Толибжон обидов раислик қилди.
QALAMPIR.UZ мухбирининг воқеа жойидан хабар беришича, дастлаб судланувчиларнинг кўплиги ортидан уларнинг қариндошлари ва маҳаллий оммавий ахборот воситаларининг суд залига киришида муаммолар юзага келди. Кейинроқ ушбу муаммо бартараф этилди.
Судда 38 нафар адвокат қатнашди. Маълум қилинишича, Қудратуллаевга оид жиноят ишига алоқадор деб, жами 21 та жиноят иши бириктирилган.
Суд мажлисига раислик қилувчи судья Толибжон Обидов дастлаб Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексининг 434-моддаси (Судланувчининг шахсини ва унга процессуал ҳужжатларнинг нусхалари топширилган вақтни аниқлаш) талабига кўра, судланувчиларнинг шахсини ва уларга айблов хулосаси нусхалари топширилганлик вақтини аниқлаштирди. Энди суд тергови бошланади.
Маълумот учун, Бахтиёр Қудратуллаев Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 165-моддаси (Товламачилик) 3-қисми “а” банди – жуда кўп миқдорда товламачилик ва 276-модда (Гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзламай қонунга хилоф равишда тайёрлаш, эгаллаш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар) 2-қисми “а” банди – кўп миқдорда гиёҳвандлик воситаларини сақлаш билан гумонланиб, ҳибсга олинганди. Кейинчалик, у Жиноят кодексининг 165-моддаси (Товламачилик) 3-қисми “а” бандига қўшимча равишда, ушбу модданинг “в” банди – уюшган гуруҳ томонидан ёки унинг манфаатларини кўзлаб жиноят содир этганликда ҳам айблангани очиқланди.
Жорий йилнинг февраль ойига келиб, Бахтиёр Қудратуллаевга Жиноят кодексининг 242-моддаси (Жиноий уюшма ташкил этиш) бўйича айблов эълон қилинди.
Қудратуллаевнинг тўнғич ўғли – 1994 йилда туғилган Бекзод Қудратуллаевич Зафаров эса Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 165-моддаси (Товламачилик) 3-қисми “в” банди, 168-моддаси (Фирибгарлик) 4-қисми “в” банди билан айбланмоқда.
Қудратуллаевнинг кенжа ўғли – 27 яшар Ихтиёр Қудратуллаев эса Жиноят кодексининг 165-моддаси (Товламачилик) 3-қисми “а” банди, “в” банди билан айбланмоқда.
“Бахти Ташкентский” акаси – 1966 йилда туғилган Шуҳрат Запарович Қудратуллаев Жиноят кодексининг 165-моддаси (Товламачилик) 3-қисми “а” ва “в” бандлари билан айбланмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Жиноят оламида “Бахти Ташкентский” лақаби билан танилган Бахтиёр Қудратуллаев 2023 йилнинг 28 ноябрь куни мамлакатда ўтказилган “Долзарб 40 кунлик” тадбирларида қўлга олинган.
У жамоат жойида ИИО ходимларига нисбатан бақир-чақир қилиб, жамиятда юриш-туриш қоидаларини қасддан бузган. Шунингдек, у ИИО ходимларининг ИИБ биносига бориб шахсига аниқлик киритиш ҳақидаги қонуний талабларини бажармаган.
Суд ҳукмига кўра, Бахтиёр Қудратуллаев Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддаси ва 194-моддаси 1-қисмида назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарликларни содир қилган деб топилиб, унга нисбатан 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланганди.
Шундан сўнг унинг адвокати судга қарор бўйича апелляция шикояти берган. Аммо 9 декабрь куни суд томонидан апелляция шикояти кўриб чиқилиб, рад этилган.
15 суткага қамалган “Бахти Ташкентский” жазони ўтаб бўлганидан сўнг, у тергов ҳаракатлари давомида қамоқда сақланиши учун прокурор томонидан санкция қўлланилган.
LiveБарчаси