БААда Трамп сочи узун қизлар билан кутиб олинди (видео)

Олам

image

Бугун, 15 май куни Бирлашган Араб Амирликларида (БАА) АҚШ Президенти Дональд Трампни қабул қилиш маросимида аёллар томонидан “халижий” деб аталувчи соч рақси ижро этилди. Бу ҳақда АҚШ Президентининг жамоатчилик билан алоқалар бўйича маслаҳатчиси Марго Мартин ижтимоий тармоқ Х’даги саҳифасида маълум қилди.

“Халижий” сўзи араб тилида “кўрфаз” деган маънони билдиради, чунки бу рақс Форс кўрфази мамлакатларида кенг тарқалган. Уни фақат расмий тадбирлардагина эмас, балки тўйларда ҳам ижро этишади.

Рақс давомида раққосалар бошларини пастга эгиб, сочларини силкитади. Айнан шу тарзда улар АҚШ Президентини қарши олган. Уларнинг ортида эса қилич тутган фахрий қоровул саф тортиб турган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Дональд Трамп Яқин Шарққа қилаётган сафари доирасида расмий ташриф билан Бирлашган Араб Амирликларига келганди. Уни шахсан БАА Президенти Шайх Муҳаммад бин Зоид Ол Наҳаён кутиб олди.

Трамп Абу-Дабидаги шайх Зоид масжидига ташриф буюради, шундан сўнг Президентлик қароргоҳи – Қаср ал-Ватан саройида расмий қабул ва тантанали кечки овқат режалаштирилган.

16 май куни эса АҚШ Президенти Абу-Дабидаги АҚШ элчихонаси ходимлари билан учрашади. Шунингдек, у америкалик ва амирлик тадбиркорлар иштирокидаги форумга ташриф буюради.

Трампнинг Яқин Шарққа ташрифи

Айни дамда Яқин Шарққа ташриф буюрган Трамп 13-16 май кунлари мазкур минтақада бўлади. АҚШ Президенти ҳозиргача мазкур ташриф давомида Саудия Арабистони билан АҚШ иқтисодиётига 600 млрд доллар сармоя киритиш бўйича битим имзолади. 

Шунингдек, Трамп ва Қатар ҳукумати ўртасида 1,2 триллион доллардан ортиқ қийматга эга иқтисодий ҳамкорлик тўғрисидаги шартнома имзоланди. Мазкур шартнома Boeing компанияси Қатарга 200 млрд долларлик 160 дан ортиқ самолёт етказиб бериши тўғрисида келишувни ҳам ўз ичига олади.  

Бундан ташқари, Саудия Арабистонида бўлиб турган пайтда Трамп Сурияга қарши барча АҚШ санкцияларини бекор қилишини эълон қилди. Бу қарор ижтимоий ва дипломатик доираларда катта резонансга сабаб бўлди. Трамп, шунингдек, Сурия муваққат президенти Аҳмад аш-Шара билан учрашди ва уни Исроилни тан олиш ва Иброҳим келишувларига қўшилишга даъват этди.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг