БАА Дуров иши бўйича унинг адвокати ва Франция билан алоқада бўлиб турибди – ОАВ
Олам
−
29 Август
2804Бирлашган Араб Амирлиги Теlegram асосчиси Павел Дуровнинг иши бўйича унинг вакиллари ва Франция расмийлари билан доимий алоқада бўлиб турибди. Бу ҳақда “Al Arabiya” хабар берди.
“Биз бу иш бўйича Франция расмийлари ва Павел Дуров вакиллари билан алоқадамиз”, деган ҳукумат расмийси.
БАА ҳукумати ўз фуқаролари фаровонлигини биринчи ўринга қўйишини ва уларга ёрдам кўрсатишни асосий устувор йўналиш эканини билдирган.
Маълумот учун, Дуров жорий йилнинг 25 август куни терроризм, гиёҳвандлик, жиноий шерикчилик, фирибгарлик, пул ювиш, солиқларни тўлашдан бўйин товлаш, Теlegram'даги педофилияга асосланган контент сингари бир қатор айбловлар билан ҳибсга олинганди. Дуров билан боғлиқ воқеадан сўнг дунёда уни ҳар хил усуллар билан қўллаб-қувватлаш бошланди.
Россиянинг Франциядаги элчихонаси мамлакат ҳукуматидан Павел Дуров иши бўйича тушунтириш беришни талаб қилганда Париж расмийлари бу масалада ўзаро ҳамкорлик қилмаганди. Шунда кўплаб ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари ҳамда дунё ҳамжамияти ҳибсга олиш масаласи Москванинг Париж билан муносабатларининг кескинлашувига олиб келиши мумкинлигини билдирганди. Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Франция Дуровни кимнингдир маслаҳати билан ҳибсга олганини айтиб чиқди. Франция Президенти Эммануэль Макрон эса Дуров ҳеч қандай сиёсий сабабсиз суд тергови доирасида ҳибсга олинганини айтди.
Париж прокуратураси Франция ҳуқуқ-тартибот идоралари Дуровни кўплаб кибержиноятларда гумон қилиб, исми ошкор этилмаган шахсга қарши тергов доирасида сўроқ қилаётганини маълум қилди. 28 август куни Дуров Париж судига олиб борилди ва судья уни дастлабки сўроқ қилиш ва эҳтимолий айбловлар учун полиция ҳибсхонасида ушлаб туришни тўхтатди. У 5 миллион евро гаров эвазига озод қилинди. Унга Франциядан чиқиб кетиш тақиқланди ва ҳафтасига икки марта полицияга хабар бериб туриши шарти қўйилди. Бироқ ўзини Дуровнинг уч фарзандининг онаси деб атаган Ирина Болгар унга қарши Швейцарияда жиноий иш қўзғатди.
Маълумот учун, россиялик тадбиркор ва дастурчи Павел Валериевич Дуров Сент-Киц ва Невис, БАА ва Франция давлатлари фуқароси ҳисобланади.
LiveБарчаси