Баҳром Ашрафхонов Илҳом Алиевга ишонч ёрлиғини топширди

Жамият 3647
image

Жорий йилнинг 14 апрель куни Баҳром Ашрафхонов Ўзбекистоннинг Озарбайжон Республикасидаги элчиси лавозимига тайинланган эди. 15 апрель куни лавозимига киришиш учун Бакуга жўнаб кетган Ашрафхонов, бугун, 18 август куни Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев қабулида бўлди. 

Илҳом Алиев Ўзбекистон Республикасининг Фавқулодда ва мухтор элчиси Баҳром Ашрафхоновдан ишонч ёрлиғини қабул қилган.

Пандемия сабаб Президент Алиев элчини қароргоҳи боғида, очиқ ҳавода қабул қилган. 

Баҳром Ашрафхонов 1969 йилда туғилган, 1993 йилда Тошкент давлат иқтисодиёт университетини, 1994 йилда Америка Қўшма Штатлари Кентукки университетини халқаро валюта-кредит муносабатлари, давлат молияси мутахассислиги бўйича тамомлаган.

У 1994−1998 йилларда — AIG Trading Group’нинг Марказий Осиёдаги вакили, 1998−2000 йилларда — UzAIG Ўзбекистон-Америка суғурта компанияси бош менежери, 2000−2002 йилларда — Суғурта назорати давлат инспекцияси бошлиғининг биринчи ўринбосари, 2002-2004 йилларда Ўзбекистон Республикаси Молия вазири ўринбосари – Суғурта назорати давлат инспекцияси бошлиғи лавозимида ишлаган.

2005-2007 йилларда Молия вазирининг биринчи ўринбосари, 2007-2016 йилларда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг Ғазначилиги бошлиғи – Молия вазири ўринбосари бўлган.

2016-2018 йилларда Ўзбекистон Республикасининг Россия Федерациясидаги фавқулодда ва мухтор элчиси сифатида фаолият кўрсатган. 2018-2019 йилларда "Ўзбекнефтегаз" АЖ бошқарув Раиси вазифасини бажарувчиси бўлган.

2019 йил февралидан 2019 йил сентябригача Ўзбекистон Республикаси Молия вазирининг ижтимоий соҳа масалалари бўйича ўринбосари лавозимида ишлаган. 2019 йил сентябрида Пенсия жамғармасининг ижро этувчи директори лавозимига тайинланганди.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг апрель ойида Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиевнинг Ўзбекистонга ташрифи режалаштирилган эди. Пандемия сабаб ушбу ташриф бекор қилинди.

Qalampir.uz Tahririyati
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 64
Рейтинг: 3.1
t
×