Баҳодир Жалолов Тошкентда жанг ўтказади
Спорт
−
10 Октябрь 2023
11964Ўзбекистонлик оғир вазнли боксчи Баҳодир Жалолов ўзининг навбатдаги профессионал жангини Тошкентда ўтказади. Бу ҳақда Ўзбекистон профессионал бокс федерацияси ахборот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, Баҳодир Жалолов жорий йилнинг 17 ноябрь куни Тошкентда ташкил этиладиган Lift Promotions профессионал бокс оқшомида рингга кўтарилади. Ўша куни унга Жанубий Африка вакили Крис Томпсон рақиблик қилади.
Мазкур бокс оқшоми пойтахтдаги “Ҳумо Арена” мажмуасида ташкил этилади.
Бундан ташқари, 12-17 ноябрь кунлари Тошкентда WBC ташкилотининг конвенция тадбири ҳам ўтказилади.
Маълумот учун, Баҳодир Жалолов профессионал фаолияти давомида 13 та жанг ўтказган бўлиб, уларнинг барчасида рақибларини мағлубиятга учратишга муваффақ бўлган. Крис Томпсон шу вақтгача 18 бор рингга кўтарилган ва 12 та ғалабага эришган. У 5 та жангида рақибларига имкониятни бой бериб қўйган бўлса, 1 та дуранг натижа қайд этган.
Эслатиб ўтамиз, Баҳодир Жалолов жорий йилнинг 23 сентябрь - 8 октябрь кунлари Хитойнинг Ханчжоу шаҳрида ўтказилган ХIХ ёзги Осиё ўйинларида барча рақибларини мағлуб этган ҳолда олтин медалига эга чиққанди.