Баҳодир Жалолов рақибини биринчи раунддаёқ “ер тишлатди” (видео)
Спорт
−
27 Август 2023
29398Бугун, 27 август куни АҚШнинг Оклахома штатида ўзбекистонлик боксчи Баҳодир Жалолов нигериялик Онореде Эҳваремега қарши рингга кўтарилди.
Бокс оқшомининг биринчи раундидаёқ Баҳодир Жалолов рақибини нокаутга учратиб, ғалаба қозонди.
Бу Жалоловнинг профессионал боксдаги ўн учинчи ғалабаси бўлди.
Эслатиб ўтамиз, кеча тунда вазн ўлчаш маросими бўлиб ўтганди. Унга кўра, Жалолов 114 килограмм, Эҳвареме эса 102 килограмм вазн кўрсатди.
Маълумот учун, Ўзбекистонлик боксчи профессионал боксда 12 та жанг ўтказиб, барчасида рақибларини муддатидан аввал мағлуб этган. Баҳодирнинг сўнги жанги америкалик Кёртис Ҳарперга қарши бўлиб ўтган ва унда ўзбекистонлик боксчи 4-раунддаёқ рақибини “ер тишлатган”. Эҳвареме эса фаолияти давомида 22 марта рингга кўтарилиб, ундан 20 тасида ғалаба қозонган ва 2 та жангида рақибларига имкониятни бой берган.
Аввалроқ Президент Шавкат Мирзиёев ўзбекистонлик бир гуруҳ тақдирланган спортчи ва мураббийлар қаторида Баҳодир Жалоловни ҳам “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган спортчи” фахрий унвони билан мукофотлаганди.