Аҳолига “сув – текин эмас” ғоясини сингдириш керак – Мирзиёев
Жамият
−
17 Ноябрь 2023
8395Яқин йигирма йилда Амударё ва Сирдарё оқими 15 фоиз камайиши кутилмоқда. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёев Термиз шаҳрида бўлиб ўтаётган Сурхондарё вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш юзасидан йиғилишда айтиб ўтди.
Йиғилишда давлат раҳбари вилоятда сув тежовчи технологиялардан фойдаланиш кенгайтирилаётгани, лекин бу етарли бўлмаётганини қайд этган. Ҳозирги кунда Сурхондарёда 80 фоиз ерлар насос орқали суғорилиши, бироқ 52 та насоснинг хизмат муддати 40 йилдан ошгани таъкидланган.
Оқибатда, сув таннархи 2 баробар қимматга тушаётгани ва йилига 20 миллион киловатт/соат электр беҳуда сарфланаётгани, яна 20 минг гектарда сув таъминоти ёмонлашгани айтилган.
Шунингдек, 1 минг 700 километр суғориш тармоғининг ярми тупроқ ўзанли бўлгани учун 35 фоиз сув йўқотилаётгани таъкидланган.
"Сув – текин эмас", деган ғояни аҳолига чуқур сингдириш, уни маҳалла фаоллари, нуронийлар, зиёлилар ва кенг жамоатчилик билан бирга кундалик турмуш қоидасига айлантириш асосий вазифа бўлиши лозим", деган Президент.
Мажлисда мутасаддиларга 47 та канални бетонлаш бўйича икки йиллик дастур ишлаб чиқиш, сув йўқотилиши кўп бўлган 6 та канални таъмирлаш, келгуси йилда “Шеробод магистрал” каналини таъмирлашга 60 миллион доллар жалб этиб, 90 минг гектар ерларни тиклаш бўйича топшириқ берилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Президент Шавкат Мирзиёев “Толибон” томонидан қурилаётган Қўштепа канали бўйича хавотир билдирган эди. Унинг сўзларига кўра, каналнинг ишга туширилиши Марказий Осиёдаги сув режими ва мувозанатини тубдан ўзгартириши мумкин.
“Қўштепа канали қурилишининг барча жиҳатларини халқаро экспертларни жалб қилган ҳолда ўрганиш бўйича Қўшма ишчи гуруҳ тузиш зарур”, деган Мирзиёев.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь