Азиза Хўжаева: “Кучли карантин маъносини йўқотган”
Саломатлик
−
25 Июль 2020
16382Ўзбекистонда коронавирус тарқалишининг ҳозирги босқичида карантин чоралари бефойда. Иммунолог-инфекционист Азиза Хўжаев “Тез ёрдам” кўрсатувининг навбатдаги сонида шундай фикр билдирди.
“Ҳозирги шароитда карантин бўлиши керак. Лекин ниҳоятда кучли карантин қилиш керак эмас. Чунки карантиннинг асосий маъноси йўқотилган. Бошида карантин касалликни тўхтатиш учун қўлланилди. Ҳозирги даврда касаллик аҳоли орасига тарқаб кетиб бўлди. Ҳар куни эшитиб келяпмиз, кўплаб оилаларда бир киши эмас, бутун оила коронавирусга чалиниб, тузалиб кетяпти.
Бу касалликни ҳозирги босқичда, тўхтатиб бўлмайди. Энди беморлар учун шароит яратиш керак. Кимдир уйида даволаниши, кимдир касалхонада кўпроқ назоратда бўлиши керак. Ҳозир апрель ойида бўлганидек кучли карантин ҳеч ҳам керак эмас, бу бизга халал беради. Чунки одамлар ўзи учун ёрдам ололмай қолиши мумкин – улар касалланса, қон топшириши, шифокорга бориши, турли текширувлардан ўтиши керак. Агар поликлиникадан шифокор, ҳамширалар махсус формада уйма-уй юрса майли, лекин ҳозир бу уларга оғир, поликлиника хизмати буни кўтара олмайди. Шунинг учун беморлар ўзлари учун енгилроқ йўлни танлаши керак.
Аҳоли орасида касаллик кам бўлса, карантин ўринли бўларди. Лекин ҳозир беморларнинг сони кўпайиб кетди. Ҳар бир оиланинг камида бир аъзоси вирусга чалинган”, дейди Азиза Хўжаева
У коронавирсни енгил ўтказаётган беморлар шифохонага бормасдан, уйда даволаниши кераклигини, шунда оғир аҳволдаги беморлар учун етарли жой бўлишини айтиб ўтди.
Бошқа бир вирусолог Дилдора Секлерга кўра, ҳозир беморларни оғирлик даражасига кўра саралаб олиш керак.
“Кучли карантиндан мақсад нима эди? Биринчидан, аввалига касаллар сони кўп эмас эди, шунинг учун уни тўхтатиб туриши керак эди. Иккинчидан, даволаш учун жой тайёрлаб олишга зарурат бор эди. Ҳозирги даврда вирус популяцига ўтиб кетди.
Ҳозир беморларни тиббий саралаб олишга диққат қаратиш керак. Мисол, “Ўзэкспомарказ”да ҳаммани қабул қилиб, саралайдиган тизим ишга тушяпти. У ерда касаллик қандай шаклда ўтаётгани аниқланади. Беморни қабул қилишади, агар унда касаллик енгил ёки ўрта оғирликда бўлса, керакли кўрсатмаларни бериб, уйга юборади. Аҳволи оғирроқ бўлса, шифохонага йўналтиради. Бунинг учун аломатлар текширилади. Уйга кетадиган бўлса, қўлига нима қилиш кераклиги бўйича қўлланма берилади”, дейди Секлер.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь