Айрим солиқчилар ҳар ойда устама ҳақ олиши белгиланмоқда
Жамият
−
07 Декабрь 2021
7055Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек, баъзиларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида”ги қарори лойиҳаси муҳокама учун эълон қилинди.
Қарор лойиҳасига асосан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг бир қатор қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек, баъзи қарорларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш назарда тутилмоқда.
Жумладан, Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 23 ноябрдаги 943-сон қарорига онлайн-НКМ ёки виртуал кассага техник хизмат кўрсатувчи корхоналар томонидан тадбиркорлик субъектларининг талаблари бўйича фақат кўрсатилган хизматлар учун тўлов ундирилиши лозимлиги, виртуал кассани давлат реестрига киритиш учун Давлат солиқ қўмитасининг махсус ҳисоб рақамига пул маблағи ўтказилмаслиги, онлайн-НКМ ёки виртуал кассани давлат реестрига киритиш мақсадида “Киберхавфсизлик маркази” ДУК томонидан экспертиза хулосаси ариза келиб тушган кундан бошлаб 15 иш кунидан кечиктирмасдан тақдим этилиши тўғрисидаги меъёрлар белгиланмоқда.
Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 7 январдаги 1-сонли қарорига мувофиқ тасдиқланган Солиқ текширувларини ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низомнинг камерал ва сайёр солиқ текширувларини ўтказиш тартибини такомиллаштириш назарда тутилган.
Шунингдек, қарор лойиҳасига асосан:
юридик шахсни қўшиб юбориш, қўшиб олиш, бўлиш билан боғлиқ қайта рўйхатдан ўтказишда БҲМнинг 50 бараваридан ортиқ солиқ қарзи мавжуд бўлганда ёки товар айланма ёхуд товарлар импорти ҳажми ҳисоботларда тўлиқ акс эттирилмаганлиги уни қайта рўйхатдан ўтказишни рад этиш учун асос бўлишини белгилаб қўйиш;
солиқ органларининг фалсафа доктори (Doctor of Philosophy) илмий даражасига эга ходимларига ҳар ойда меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 3,3 баравари, фан доктори (Doctor of Science) илмий даражасига эга ходимларига эса 6,6 баравари миқдорида устама ҳақ тўлаш юзасидан ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.
Бундан ташқари, лойиҳада Вазирлар Маҳкамасининг “Истеъмол товарлари билан улгуржи ва чакана савдо қилишни тартибга солишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” 1999 йил 19 мартдаги 125-сон ва “Бухоро ва Фарғона шаҳарларида Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасининг солиқ коллежларини ташкил этиш тўғрисида”ги 2000 йил 4 майдаги 178-сонли қарорларини бекор қилиш назарда тутилган.
Лойиҳа Давлат солиқ қўмитаси томонидан норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳасини ишлаб чиқиш ва келишишнинг ягона электрон тизими (project.gov.uz) орқали жами 25 та манфаатдор вазирлик ва идоралар билан келишилган.
LiveБарчаси