Аёвсиз аёз. Покистонда одамлар қор остида қолиб вафот этмоқда.

Олам 9568
image

Покистоннинг шимолий тоғли ҳудудида жойлашган Мурри шаҳрида қор босиб қолиши сабабли камида 16 киши ҳалок бўлгани айтилмоқда. 

Қайд этилишича, қурбонларнинг аксар қисми қалин қор ёғиши оқибатида автомашинада ҳалокатга учраб, йўл четидаги қор уюмлари орасига тиқилиб қолган. 

“Совуқда автомашиналар ичида қолиб кетиш натижасида камида 16-19 киши ҳалок бўлган. Ҳозирда қидирув-қутқарув ишларига ҳарбийлар ҳам жалб қилинган”, дея таъкидлаган бугун, 8 январь куни мамлакат Ички ишлар вазири Шайх Рашид Аҳмад. 

Исломобод полицияси зобити Атик Аҳмаднинг сўзларига кўра, ҳалок бўлган 16 кишидан саккиз нафари бир оиланинг аъзолари бўлишган. Марҳум оила бошлиғи Навид Иқбол ҳам Исломобод полицияси зобити бўлган. 

Мамлакат Бош вазири Имрон Хон “даҳшатли фожиа”дан чуқур қайғуда эканлини маълум қилиб, Twitter’да пост қолдирган. “Вазият юзасида қатъий тергов ўтказиб, бундай ҳолатлар такрорланмаслиги учун барча чоралар кўрилиши ҳақида топшириқ бердим”, дея билдирган Бош вазир Хон.

Мамлакат пойтахтидан 50 км узоқликда жойлашган Мурри, қиш мавсумида йилига 1 миллиондан ортиқ сайёҳларни ўзига жалб қилувчи қишки курорт ҳисобланади.  

Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеолавҳаларда бутун бир оиланинг барча аъзолари, ҳатто, ёш болалар ҳам машина ичида қорга бурканиб ётгани акс этган тасвирлар мавжуд. 

Жорий ҳафтанинг сешанба кунидан буён тинмай ёғаётган қор, ҳудудга мамлакат бўйлаб минглаб сайёҳларни жалб қила бошлаган. 

Қайд этилишича, фалокатга расмийларнинг эътиборсизлиги сабаб бўлган. Қорли тепаликка қараб чўзилган тор йўлда автомашиналар қатнови учун етарлича шароитлар яратилиб, йўллар қордан тозаланмаган. 

Ички ишлар вазирининг маълум қилишича, ҳудуд бўйлаб ёққан қорнинг қалинлиги 1,2 метргача етган. Жиддий огоҳлантиришларга қарамасдан, одамлар билан тўла минглаб машиналар курортга томон йўл олган. Бу эса ўз навбатида ҳудуд бўйлаб километрлаб тирбантликларни келтириб чиқарган.

Беҳруз Саидов

.
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 324
Рейтинг: 3
Теглар
t
×