Аёл киши Бош вазир бўлиши кутилмоқда. У 61 ёшда

Олам 11365
image
-

Иккинчи муддатга қайта сайланган Франция Президенти Эммануэль Макрон аёл кишини мамлакат Бош вазири сифатида кўришни истайди. Бу ҳақда бугун, 25 апрель куни BFM телеканали эфирида Франция ташқи ишлар вазирлиги давлат котиби Клеман Бон айтди. 

“Макрон, албатта, Матиньон саройига (Франция бош вазири қароргоҳи) аёл кишини тайинламоқчи”, дейди Бон. Шу билан бирга, у "бутун сиёсий вазиятни ҳукумат бошлиғи фигурасига туширмаслик керак", деб қўшимча қилган. 

Телеканал маълумотларига кўра, бу лавозимга номзод бўлиши мумкин бўлганлардан бири ҳозирда меҳнат, бандлик ва интеграция вазири бўлган 61 яшар Элизабет Борндир. 

Аввалроқ 2020 йил июлидан буён ўз лавозимида ишлаб келаётган Франция Бош вазири Жан Кастекс “анъанага кўра, сайловлардан кейинги кунларда” давлат раҳбарига истеъфога чиқиш ҳақидаги аризасини тақдим этиш ниятида эканлигини маълум қилганди.

Эслатиб ўтамиз, кейинги беш йиллик учун Франция президентлигига ўтказилган сайловнинг иккинчи босқичида Эммануэль Макрон асосий овозларни санаб чиқишдан кейин 58,55 фоиз тўплади ва ғалаба қозонди. 

Маълумот учун, Францияда Бош вазир лавозими 1958 йилнинг 4 октябрь куни янги Конституцияни қабул қилиш бўйича ўтказилган референдум асосида киритилган. 

Парламентнинг ваколатлари сезиларли даражада чекланган эди.  Ҳукуматнинг Миллий Ассамблея олдидаги асосий масъулияти сақланиб қолган (у ҳукуматга ишончсизлик вотумини эълон қилиши мумкин, лекин Президент Бош вазирни тайинлашда ўз номзодини парламентга тасдиқлаш учун тақдим этиши шарт эмас).

Шундан буён мамлакат Ҳукумати 24 Бош вазирни кўрди. Ҳукуматнинг 12-раиси эса Эдит Крессон эди. У бу лавозимда 1991 йилнинг 15 майидан 1992 йилнинг 2 апрелигача ишлаган ва Франция тарихида ҳозирча ягона аёл Бош вазир бўлиб қолмоқда. 

Qalampir.uz Tahririyati
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 120
Рейтинг: 3
Теглар
t
×