Аввал ўзингга боқ... Хитой АҚШда инсон ҳуқуқлари бузилиши сурункали “дард”га айланганини даъво қилди
Олам
−
20 Апрель 2022
10962АҚШда инсон инсон ҳуқуқларининг бузилиши билан боғлиқ ҳолатлар “сурункали тизимли муаммо”га айланган. Бу ҳақда Хитой Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Ван Венбин маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, Хитой ҳукумати Қўшма Штатлардаги ижтимоий вазиятнинг доимий равишда ёмонлашишига эътибор қаратмоқда.
“Биз Қўшма Штатлардаги инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазият тобора ёмонлашиб бораётганига эътибор қаратдик. Бу тизимли характердаги сурункали муаммо”, деган у брифингда.
Хитойлик дипломатга кўра, АҚШ ҳукумати ирқий камситиш, жиноят ва зўравонлик каби долзарб муаммоларни ҳал қилиши зарурлигини исботловчи кўплаб фактлар мавжуд. Ван Венбин, шунингдек, “бойларга фойда келтирадиган, камбағалларни жазолайдиган” Америка ҳуқуқ тизимидаги камчиликларга ҳам ишора қилган.
“Қўшма Штатлар сўнгги 20 йил ичида ўқотар қуроллардан фойдаланиш билан боғлиқ йирик ҳодисалар ҳар йили содир бўлган ягона ривожланган давлатдир”, дея қўшимча қилган у америкаликлар ва чет элликлар орасида оммавий қурбонларга олиб келган кўплаб зўравонлик ва қонун бузилиши ҳолатларини эслаб.
Хитой ташқи ишлар вазирлигининг расмий вакили Қўшма Штатлар бошқа мамлакатларни инсон ҳуқуқларини бузаётганликда айблаш учун етарли ваколатга эга эмас, деб хулоса қилган.
Қайд этиш керакки, АҚШ доимий равишда Хитойни Шинжондаги мусулмон уйғурларни геноцид қилишда айблаб келади. Айни шу сабаб билан АҚШ ва унинг иттифоқчилари 2022 йилдаги Қишки олимпия ўйинларига дипломатик бойкот эълон қилганди.
Хитой ТИВнинг баёнотидан маълум бўладики, Пекин АҚШдаги инсон ҳуқуқлари бузилиши билан боғлиқ ҳолатлар сабаб Вашингтоннинг айбловларини эътиборга олмайди ва "аввал ўзингга боқ, кейин ноғора қоқ" қабилида иш тутади.
LiveБарчаси