Вазирлик яна халқни “шилмоқчи”ми? Кушербоев авторегистрация тўлови ҳақида гапирди
Жамият
−
03 Апрель
18314Ўзбекистонда 1 апрелдан автомобилларни рўйхатдан ўтказиш ва қайта рўйхатдан ўтказиш учун тўловлар 68 бараваргача оширилди (электромобиллар учун 15 баравар). Аввал бу тўлов 34 минг сўм бўлган бўлса, эндиликда 2,32 млн сўмни ташкил этади.
Ўзбекистон Ички ишлар вазири Пўлат Бобожоновнинг тегишли буйруғи тўловлар миқдори ошишидан бир кун олдин, 31 март куни қабул қилинди. Ҳужжат на муҳокамага қўйилди, на уни амалга ошириш учун муддат белгиланди.
Собиқ депутат, Экология вазирининг маслаҳатчиси Расул Кушербоев нархнинг оширилиши аҳоли учун ноқулайликлар келтириб чиқаришини билдирди.
“Бундан бир неча йил олдин, биз яхши билардик одамлар автомобилни расмийлаштириш учун тўланадиган 3 фоизлик йиғим қиммат бўлгани учун ўзларига тегишли машиналарни расмийлаштиролмасдан, ишончнома (доверенность) орқали автомобилни бошқариб келишарди. Бу жуда кўп қийинчиликларга сабаб бўларди ва кейинчалик бошқа ҳуқуқий муаммоларни ҳам келтириб чиқарарди. Яъни автомобиль ўзиники бўлса-да, лекин бошқа одам номида турганлиги учун баъзан машинага қонуний эгалик қилишда муаммолар юзага келарди. Лекин 2021 йилда “Бюджет кодекси”га ўзгартириш киритилиб, мана шу йиғим бекор қилинди ва аҳолига ўзларининг автомобилларини расмийлаштириш учун қулай имконият яратилди.
…Лекин мана куни кеча кутилмаганда, жамоатчилик муҳокама қилмасдан туриб, аҳолининг ҳеч қандай фикри инобатга олинмасдан, Ички ишлар вазири буйруқ қабул қилибди ва энди автомобилларни расмийлаштиришнинг 34 минг сўмлик хизмат тури 68 бараварга оширилибди. Тармоқларда ёзишларича, машинани расмийлаштиришдан тортиб то давлат рақами олгунгача бўлган жараёнларнинг умумий нархи 5 миллион сўмдан ошяпти. Бу яна одамларга ноқулайлик туғдиряпти”, дейди собиқ депутат.
Расул Кушербоев, шунингдек, мазкур буйруқни қабул қилишда ҳеч қандай асос йўқлигини айтди.
“Aҳолининг кенг муҳокамасига сабаб бўладиган лойиҳа жамоатчилик муҳокамасига қўйилмасдан туриб, 31 март, дам олиш кунида 1 апрелдан кучга кирадиган ҳужжат қабул қилиняпти. Ҳеч кимнинг бундан хабари йўқ. Энг қизиғи, нима билан асосланади деган савол: машиналарни расмийлаштириш учун кетадиган харажатлар ошиб кетдими ёки олтин суви юргизилган қоғозларда энди одамларга (ҳужжат таҳр.) чиқариб бериляптими? Буни асослаш керак-ку ахир. Ҳеч қанақа асослаш йўқ. Шунчаки оширилди-қўйди. Ва катта эҳтимол билан, бу давлат бюджетига тушадиган йиғим эмас, бу хизмат ва у вазирликнинг ўз ҳисобида қолади. Демак, қўпол қилиб айтганда вазирлик қўшимча пул ишлаш йўлини қиляпти.
Қайсидир идора ёки ташкилот қўшимча пул ишлаши учун шунга яраша меҳнат қилиши керак эмасми? … Бизда айрим идораларимиз одамларнинг бўйнига шунчаки битта юкни қўйиб, арзимаган хизмат учун отнинг калласидек пул олишни ўзларига нормал қабул қилишади. Қани бу ерда одамларнинг манфаати, қани бу ерда одамларга қулайлик яратиш деган мақсади? Бош мақсад одамларга қулайлик яратишми ёки вазирлик, идораларга қулайлик яратишми? … Одамларда очиқчасига ҳукумат бизни ўйламайдими, деган саволлар туғиляпти”, дейди Кушербоев.
Эслатиб ўтамиз, ўтган йилнинг 1 ноябридан бошлаб автомобилларга давлат рақамини бериш ставкаси 2,3 бараварга оширилиб, 1,15 млн сўм этиб белгиланган эди.
Шунингдек, 1 апрелдан бошлаб оғирлиги 10 тоннадан ортиқ бўлган юк автомобиллари учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 бараваридан 10 бараваригача бўлган миқдорда (1,7 миллион сўмдан 3,4 миллион сўмгача) йўл йиғими жорий этилди.