Ҳукумат халқни ўйламайдими? “Тонировка” берган қувончни регистрация тортиб олди
Таҳлил
−
05 Апрель
27234Монополия чангалидан аста-секин халос бўлаётган, “тонировка” орзусига яқиндагина етишган ўзбекистонликлар энди “авторегистрация қопқони”га тушди. Ўзбекистонда 1 апрелдан автомобилларни рўйхатдан ўтказиш ва қайта рўйхатдан ўтказиш учун тўловлар 68 бараварга оширилди. Апрелгача бу тўлов 34 минг сўмни ташкил этган бўлса, эндиликда одамлар ушбу хизмат учун 2 миллион 320 минг сўм тўлашларига тўғри келади.
Бундан аввалроқ яшил энергияда ҳаракатланувчи машиналарни давлат рўйхатидан ўтказишда имтиёз берилиши маълум қилинган эди. Лекин, электромобиллар ва мототранспорт воситалари учун ҳам ставка 15 бараварга оширилиб, 510 минг сўм этиб белгиланди.
Тегишли ҳужжат Ички ишлар вазири Пўлат Бобожоновнинг буйруғи билан тўсатдан, тўлов миқдори оширилишидан бир кун олдин, 31 март – дам олиш куни (!) қабул қилинган. Ҳужжат на жамоатчилик муҳокамасига қўйилди ва на уни амалга ошириш учун муддат белгиланди.
Автомобилни ҳужжатлаштириш қанчага тушяпти?
“UzAutoMotors”нинг йилда бир марта очиладиган шартномасини амаллаб олдингиз, пулини олдиндан тўлаб, узундан узоқ навбат кутиб, машинани заводдан олиб чиқдингиз ҳам дейлик, энди уни шундайлигича ҳайдаб кетолмайсиз. Баллон алмаштириш, ғилоф қўйдириш, “метан” ёки “пропан” ўрнатиш каби бошоғриқлар билан бир қаторда сизни камида 6 миллион сўмлик расмиятчилик харажатлари ҳам кутиб турибди.
Нега хат-ҳужжат қилдириш бунчалик қиммат, дерсиз. Гап шундаки, ўтган йилнинг 1 ноябридан давлат рақами белгиларини беришда ундириладиган тўловлар миқдори ҳам 3,5 бараваргача оширилиб, 1,15 млн сўм қилиб белгиланган.
Янги автомобиль сотиб олган фуқаро уни ўз номига расмийлаштириш учун 2 млн 325 минг сўм, давлат рақами олиш учун 1 млн 155 минг сўм, “техпаспорт” учун 230 минг сўм тўлайди. Бундан ташқари, мажбурий автосуғурта харажатлари бозордаги нархга ва таклиф этилаётган имкониятларга қараб 50 минг сўмдан 500 минг сўмгачани ташкил қилади. Ўртача ҳисобда суғурта харажатларини 100 минг сўм, деб оладиган бўлсак ҳаммаси бўлиб тўловлар 4 млн 310 минг сўмни ташкил этади.
Агар машина олди-сотди ёки ҳадя қилинса, фуқаро нотариал тасдиқлаш учун ўртача 2 млн сўм хизмат ҳақи тўлаши керак. Ишончнома (доверенность) учун давлат божи 540 минг сўм (хизмат ҳақидан ташқари). Шундай қилиб, расмиятчилик харажатлари қарийб 7 млн сўмга яқинлашиб қолади.
Йўловчи ва юк ташувчи машиналарни ҳужжатлаштириш билан боғлиқ харажатлар бундан ҳам қимматроққа тушади. Қўшимчасига, 1 апрелдан бошлаб оғирлиги 10 тоннадан ортиқ бўлган юк автомобиллари учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 бараваридан 10 бараваригача бўлган миқдорда (1,7 миллион сўмдан 3,4 миллион сўмгача) йўл йиғими жорий этилган.
“Доверенность” усулига қайтиладими?
2018 йилгача автомобиль воситалари олди-сотдисини нотариал тасдиқлаш учун давлат божи ўртача ҳисобда 2,5 миллион сўмни ташкил этарди. Ишончнома харажатлари нисбатан арзонлиги туфайли одамлар машинани сотиб олса-да, уни ўз номига расмийлаштирмасдан, ишончнома асосида фойдаланиб юришга мажбур бўлган. Бу эса, ўз-ўзидан, фуқаролар манфаати ва эгалик ҳуқуқига путур етказган. Эгалик ҳуқуқи борасида келишолмай қариндошлари, дўст-у биродарлари билан юз-кўрмас бўлиб кетган одамлар ҳам бор.
Автомобилни давлат рўйхатидан ўтказиш нархи оширилишига муносабат билдирган жамоатчилик яна эски тизимга қайтилаётганидан хавотирга тушган. Ижтимоий тармоқларда билдирилган фикрларга кўра, одамлар пул тежаш мақсадида яна “доверенность” асосида машина ҳайдайди ва вақти келиб, эгалик ҳуқуқи бўйича муаммолар пайдо бўлади. Чунки ҳозир ишончнома шартлари анчагина осонлашган. Яқин қариндошлар учун “доверенность” сўралмайди.
Хорижда тўлов қанча?
Ижтимоий тармоқларда Ўзбекистон ва бошқа мамлакатларда автомобилни давлат рўйхатидан ўтказиш нархи таққосланган жадвал кенг муҳокама қилинмоқда. Унда Ўзбекистон ўртача иш ҳақи энг кам, автомобиль регистрацияси нархи энг баланд давлат эканини кўриш мумкин.
Ўртача ойлик маоши 7439 долларни ташкил этувчи Швейцарияда автомобилларни давлат рўйхатидан ўтказиш нархи 52 долларга тенг. Англияда 69 доллар, Германия ва Канадада 32 доллар тўланади.
Марказий Осиё республикалари ичида ҳам энг қиммат регистрация тўлови Ўзбекистонда. Масалан, Қозоғистонда бу тўлов 923 тенге (26 минг сўм)ни, Қирғизистонда 498 сом (70 минг сўм. 2021 йилдан) ташкил этади. Тожикистонда тўлов миқдори 210 сомоний – 242,5 минг сўмга тенг. Туркманистон эса бундай маълумотни очиқламаган.
“Ҳукумат халқни ўйламайдими?”
QALAMPIR.UZ сайти журналистининг автомобилларни рўйхатдан ўтказиш тўлови қандай сабаб асосида оширилди, деган саволига ИИВ матбуот котиби Шоҳруҳ Ғиёсов жавоб беришни истамади.
“Ҳозирча бизда бу бўйича қўшимча маълумот йўқ. Агар қўшимча маълумот пайдо бўлса, расмий саҳифамизда маълум қиламиз”, дейди ИИВ матбуот котиби.
Вазирлик халққа ҳисоб беришни лозим деб топмаганидан кейин, одамларнинг ўзи сабабларни муҳокама қила бошлади. Регистрация тўловларини ошириш орқали 2024 йилнинг қолган даврида бюджетга 3 триллион сўм маблағ тушиши кутиляпти. Ички ишлар ходимлари QALAMPIR.UZ’га берган маълумотга кўра, тўловлар 100 фоиз давлат бюджетига йўналтирилади. Демак, ҳукумат йилдан йилга ортиб бораётган бюджет тақчиллигини халқдан ундириладиган тўловлар ҳисобидан қопламоқчи бўлган кўринади.
“Бюджет дефицити ошганда бизникилар бебурд, самарасиз харажатларимизни қисқартирайлик, демайди. Қаердан пул олсак, кимдан олсак бўлади, деган мантиқда иш тутишади. 3 ойда 20 триллион сўмдан ошган дефицитни кимдир ёпиши керак”, дейди иқтисодчи Отабек Бакиров.
Ўтган йили “тонировка” рухсатномаси учун тўлов миқдори пасайтирилганда, ундан аввал машиналарни рўйхатдан ўтказиш ставкаси туширилганда ўзбекистонликлар буни чинакамига байрам қилиб юборган эди. Бу қувончга эришиш учун жамоатчилик йиллар давомида курашган бўлса, уни йўққа чиқариш учун вазирга бир кунгина вақт керак бўлди.
Собиқ депутат, Экология вазирининг маслаҳатчиси Расул Кушербоев регистрация тўловининг оширилиши аҳоли учун ноқулайликлар келтириб чиқаришини билдирар экан, уни қабул қилишда жамоатчилик фикри эътиборга олинмаганини танқид қилди.
“1 апрелдан кучга кирадиган ҳужжат жамоатчилик муҳокамасига қўйилмай, 31 март – дам олиш кунида қабул қилиняпти. Ҳеч кимнинг бундан хабари йўқ. Энг қизиғи, Нима билан асосланади? – деган савол. Машиналарни расмийлаштириш учун кетадиган харажатлар ошиб кетдими ёки олтин суви юргизилган қоғозларда энди одамларга (ҳужжат – таҳр.) чиқариб бериляптими? Буни асослаш керак-ку ахир. Ҳеч қанақа асослаш йўқ. Шунчаки оширилди-қўйди”, дейди Кушербоев.
Яна баъзи тахминларга кўра, ушбу қарордан мақсад – экологияга етказилаётган талафотларнинг олдини олиш. Агар машиналар атмосферага заҳарли моддалар чиқараётганидан қўрқишса, нега ишни бензинда ҳаракатланадиган автомобиллар ишлаб чиқарувчи “UzAutoMotors” заводини ёпиб, электромобиллар ишлаб чиқаришдан бошлашмайди? Нега асосий заҳарловчи – иссиқлик электростанциялари фаолиятини тугатиб, шамол электростанциялари қуришмайди?
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикери ўринбосари Алишер Қодиров ўтган йили хусусий транспорт ҳамма учун ва хоҳлаган пайтида эриша оладиган масала бўлмаслиги кераклигини айтган эди. Солиқ тўловчиларнинг пулларига харид қилинган ва ойналари қорайтирилган, қишда иссиқ, ёзда эса салқин хизмат машинасида юриб, оддий аҳолининг автомобилдан фойдаланишини қийинлаштириш таклифини бериш қанчалар осон!
Йилда бир марта ўтказилган “автомобилсиз кун” акциясида на жамоат транспортидан фойдаланишга ундаган Алишер Қодировнинг, на регистрация тўловларини оширишга буйруқ берган Пўлат Бобожоновнинг автобус ёки метрода ишга борганини кўрдик. Шу ўринда савол туғилади: кўчалар фақат амалдорлар машинаси юриши учун қурилганми?
Ўзбекистон Конституциясига кўра, “Давлат халқ иродасини ифода этиб, унинг манфаатларига хизмат қилади”. Хўш, бу қарор халқ манфаатларига хизмат қиладими ёки ҳукумат тепасида ўтирган, давлат бюджетини хоҳлаганича сарфлаётган бир гуруҳ одамлар манфаатигами?