Автобуслар ойнасининг “тонировка” қилиниши Олий Мажлисда ҳал бўлади
Жамият
−
19 Июль 2019
4065Ўзбекистонда жамоат транспортлари ойнасининг тусини ўзгартириш таклиф қилинди. Шу мазмундаги петиция “Mening fikrim” жамоавий мурожаатлар порталида эълон қилинди.
Жамоавий мурожаат матни қуйидагича:
“Ҳаммамизга маълумки, юртимиз қуёшли ўлка. Бу ҳолат, айниқса, ёз мавсумида ҳарорат 40 даражадан ошган вақтларда автобуслардаги кондиционерларнинг совутиш функцияси ишламай қолганда жуда сезилади.
Шу сабабли, жамоат транспортлари, яъни автобус ва бошқа йўналишли транспорт воситаларининг ойналарини ёруғлик ўтказишини камида 50 ёки 60 фоизгача сўндиришни таклиф қиламан. Тасаввур қилинг, одам кўп, кун иссиқ, ҳаво дим, бу ёқдан эса яна жазирама қуёш тик тушиб туради. Бу эса жамоат транспортидаги одамларнинг саломатлигига салбий таъсир кўрсатади. Кўнгил айниши, ҳушсизланиш каби ҳолатларга сабаб бўлади. Бундан ташқари, баъзида тиғиз вақтда автобусда ўтириш учун бўш жой бўлса ҳам одамлар қуёш сабаб ўша бўш жойларга ўтирмайди. Бу эса ортиқча тиқилинчни юзага келтиради. Ҳамма автобусларга кондиционер қўйиш ёки уларни янгиларга алмаштириш эса кўп маблағ ва вақт талаб қилади.”
Йўл ҳаракати қоидалари 3-иловасининг 7.4 бандида “Барча транспорт воситаларида олд, ён ва орқа томондаги ойналарнинг ёруғлик ўтказиши камида 70 фоизни ташкил этиши керак”лиги белгиланган.
Шу сабабли мурожаат муаллифи юқоридагиларни инобатга олган ҳолда, жамоат транспортлари, хусусан, автобус ва бошқа йўналишли транспорт воситалари ойналарининг ёруғлик ўтказишини камида 50 ёки 60 фоизгача сўндиришни таклиф қилган.
Ушбу мурожаат қисқа вақт ичида 10 000 та овоз тўплаб улгурди. Эндиликда тегишли тартибда Олий Мажлис палаталари томонидан кўриб чиқилади. Масала юзасидан чиқарилган қарор “Mening fikrim” жамоавий мурожаатлар порталига жойлаштирилади.
Мурожаатни кўриб чиқиш ва у бўйича қарор қабул қилиш муддати 60 кундан ошмаслиги лозим.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь