Австралияда хат солинган 100 йиллик шиша идиш топилди
Бу қизиқ
−
30 Октябрь 11522 2 дақиқа
Жорий йилнинг 28 октябрь куни Австралия соҳилида Биринчи жаҳон уруши даврида аскарлар томонидан ёзилган хатлар солинган шиша идиш топилди. Бу ҳақда “Associated Press” хабар берди.
Ичида хатлар бўлган Schweppes ичимлигига оид шиша идишни Браунлар оиласи Ғарбий Австралия штатидаги Эсперанс шаҳри яқинидаги Уортон-Бич пляжида чиқиндиларни тозалаш вақтида топган.
Қалин шаффоф ойнадан ясалган шиша ичида 1916 йил 15 август санаси билан ёзилган иккита хат бўлган. Улар 27 ёшли Мальколм Невилл ва 37 ёшли Уилям Харли томонидан қалам билан ёзилган. Иккаласи ҳам HMAT A70 Ballarat кемасида хизмат қилган. Бу кема Биринчи жаҳон уруши йилларида австралиялик ҳарбийларни Европага ташиш учун ишлатилган. 12 август куни кема Аделаида шаҳридан йўлга чиқиб, Францияга йўл олган. Янги аскарлар 48-австралия пиёда баталёни сафига қўшилиши керак бўлган.


Хат юборилганидан бир йил ўтиб, Невилл фронтда ҳалок бўлган. Харли эса икки марта яраланган, аммо уйига қайтган ва 1934 йилда Аделаидада саратондан вафот этган. Унинг қариндошлари бу касалликни жанг майдонларида таъсир этган заҳарли газлар билан боғлайди. Хатда Невилл шишани топган одамдан унинг мактубини онаси Робертина Невиллга, Жанубий Австралиядаги Уилкаватта шаҳрига етказишни сўраган.

Хат ёзилган пайтда аскарлар Буюк Австралия қўлтиғида бўлган. Деб Брауннинг сўзларига кўра, шиша сувда узоқ сузмаган –уни тўлқинлар тезда қирғоққа чиқариб ташлаган. У асрдан ортиқ вақт давомида қумтепаларда ётган, фақат яқинда сув тўлқинлари қирғоқни емирганида топилган.
Шиша ичидаги қоғоз ҳўл бўлганига қарамай, матн аниқ ўқиладиган ҳолатда сақланиб қолган. Шу туфайли Деб Браун ҳар икки аскарнинг оиласи билан боғлана олган. У шишанинг деярли мукаммал сақланганини, сиртида ҳеч қандай шикастланишлар йўқлигини айтган. Унинг сўзларига кўра, бу шишанинг узоқ вақт қум остида, сув ва қуёшдан ҳимояланган ҳолда ётганини кўрсатади.
Харлининг набираси Энн Тернер эса оиласи топилма ҳақида “мутлақо ҳайратда” қолганини айтган.
“Биз бунга ишонолмаяпмиз. Бу ҳақиқатан ҳам мўъжизага ўхшайди”, дейди у.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Туркиянинг Адияман вилоятида жойлашган Отатурк тўғони сувлари остидан 12 минг йиллик қоятош расмлари топилганди. Ушбу тасвирлар кеч палеолит ёки илк неолит даврига оид деб тахмин қилинмоқда. Уларни саккиз йил аввал маҳаллий балиқчилар илк бор кўрган. Ўша пайтда қурғоқчилик сабаб сув сатҳи кескин тушиб кетган ва қадимий тош юзаси очилган.