Австралия Россиядан олтин импортини тақиқлайди – Бош вазир

Олам 2622
image

Австралия Бош вазири Энтони Албаниз рус олтинини Австралияга олиб киришни тақиқлаш ва яна 16 нафар Россия фуқаросига нисбатан санкциялар жорий этишини айтди. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди. 

Албанизга кўра, вазирлар ва бизнесменлар санкциялар рўйхатидаги янги юзлар орасида бўлади. Шундан сўнг, Австралияда санкциялар остида қолган Россия фуқароларининг умумий сони 843 нафарга етади, дея қайд этади агентлик. 

Австралия Бош вазири мамлакат Украинага яна 20 та Бушмастер зирҳли ҳарбий техникаси ва 14 та бронетранспортёрни тақдим этишини ҳам эслатди. 

Кеча, 3 июль куни Австралия Бош вазири Энтони Албаниз Киевга келди. Бу Австралия ҳукумати раҳбарининг икки давлат муносабатлари тарихида пойтахт Киевга амалга оширган биринчи ташрифи.

Аввалроқ, Австралия Украинадаги уруш муносабати билан 16 нафар россияликга нисбатан шахсий санкциялар жорий қилгани ҳақида хабар берган эдик. Мазкур “қора рўйхат”га миллиардер Год Нисанов, Владимир Путиннинг қариндошлари — Роман, Михаил ва Игорь Путин ҳамда Алина Кабаева ҳам киритилган.

“Санкциялар орасида Президент Путиннинг қариндошлари — тадбиркор Игорь Путин, "Согаз" суғурта компанияси бошқаруви раиси ўринбосари Михаил Путин, “МРТ компаниялар гуруҳи” директорлар кенгаши раиси Роман Путин ва “Миллий медиа гуруҳи” директорлар кенгаши раиси Алина Кабаева ҳам киритилган”.

Qalampir.uz Tahririyati
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 19
Рейтинг: 3.4
t
×