Австралия Путин ва Лавровнинг қизларини “қора рўйхат”га киритди
Олам
−
22 Апрель 2022
4706Австралия 144 нафар россиялик сенатор, шунингдек, Мария Воронцова, Катерина Тихонова ва Екатерина Винокуровага нисбатан чекловлар киритди. Бу ҳақда бугун, 22 апрель куни эълон қилинган янгиланган санкциялар рўйхатида айтилади.
Рўйхатга киритилган санаси 21 апрель бўлган шахслар орасида Воронцова ва Тихонова “Россия Президенти Владимир Путиннинг қизлари”, Винокурова эса “Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавровнинг қизи” сифатида қайд этилган.
Маълумот ўрнида, Австралия Украинадаги воқеалар муносабати билан
деярли 750 кишини санкциялар рўйхатига киритган.
Аввалроқ, Канада Путиннинг вояга етган икки қизи ва Ташқи ишлар вазири Сергей Лавровнинг аёлига санкциялар жорий қилганди.
Эслатиб ўтамиз, АҚШ, Европа Иттифоқи, Канада ва бошқа давлатлар февраль ойи охирида Украинадаги уруш фонида Россияга қарши санкциялар жорий қила бошлади. Молиявий ва ҳарбий-саноат соҳаларидаги ўнлаб Россия компаниялари ва олигархлар чекловлар остида қолди.