Яна бир давлат Путиннинг қизларига санкция қўллади

Олам

image

Канада Россия Марказий банки раҳбари Эльвира Набиуллина ва яна 13 нафар россиялик шахсга нисбатан санкциялар жорий қилди. Рўйхатга Президент Владимир Путиннинг вояга етган икки қизи ва Ташқи ишлар вазири Сергей Лавровнинг аёли ҳам киритилган. Бу ҳақда бугун, 19 апрель куни мамлакат  ҳукумати сайтида эълон қилинган Украинадаги вазият туфайли Канаданинг Москвага қарши санкциялари билан боғлиқ ҳужжатда айтилади.

Рўйхатга тадбиркорлар Пётр Авен, Михаил Фридман, Михаил Гуцериев, Герман Хан, Олег Бойко киритилган. Чеклов чоралари Игорь Макаров, Сергей Ролдугин, Александр Торшин, Александр Пономаренко, Катерина Тихонова, Мария Воронцова, Мария Лаврова ва Екатерина Винокуроваларга нисбатан ҳам қўлланилади.

Маълумот учун, санкциялар рўйхатига тушиш Канададаги мумкин бўлган активларни музлатиш ва мамлакатга киришни тақиқлашни англатади.

11 март куни Канада ҳукумати беш нафар россиялик ва 32 та тузилмага, хусусан, Россия Федерацияси мудофаа комплексига алоқадор бўлган тузилмаларга қарши санкция жорий қилган эди. 

24 март куни эса Бош вазир Жастин Трюдо Украина атрофидаги вазият муносабати билан Россия Федерацияси Кенгашининг 160 нафар аъзоси янги санкциялар остида қолишини маълум қилди.

Эслатиб ўтамиз, АҚШ, Европа Иттифоқи, Канада ва бошқа давлатлар февраль ойи охирида Украинадаги уруш фонида Россияга қарши санкциялар жорий қила бошлади. Молиявий ва ҳарбий-саноат соҳаларидаги ўнлаб Россия компаниялари ва олигархлар чекловлар остида қолди.

Март ойи бошида АҚШ Президенти Жо Байден россиялик олигархларнинг жиноятларини тергов қилиш бўйича гуруҳ ташкил этилишини эълон қилди. У Америка ва Европа расмийлари “йўл-йўлакай орттирилган бойлик” ортидан келишлари, яхталари, ҳашаматли уйлари, шахсий самолётларини тортиб олишлари ҳақида огоҳлантирди.

Эртаси куни АҚШ 19 нафар тадбиркор ва мансабдор шахслар ҳамда уларнинг 47 нафар оила аъзоларига нисбатан санкциялар киритди. Оқ уй чекловларга сабаб сифатида “Президент Владимир Путиннинг Украинага шафқатсиз бостириб киришида уни қўллаб-қувватлагани”ни келтирди.

АҚШ “Транснефть” раҳбари Николай Токарев, Борис ва Аркадий Ротенберглар, “Ростех” раҳбари Сергей Чемезов, ВЭБ.РФ раҳбари Игорь Шувалов, Евгений Пригожин, USM Holdings асосчиси Алишер Усмонов ҳамда уларнинг бир қатор компаниялари ва қариндошларининг активларини музлатиб қўйди. 

9 март куни Европа Иттифоқи 14 нафар россиялик тадбиркор ва уларнинг оила аъзоларига нисбатан чекловлар жорий қилди. Кейинчалик Буюк Британия ҳам қўшимча санкциялар киритди.

6 апрель куни Америка Қўшма Штатлари Россия Президенти Владимир Путиннинг вояга етган фарзандлари, Россия Бош вазири Михаил Мишустин ва Россия Хавфсизлик кенгаши раиси ўринбосари Дмитрий Медведевга нисбатан санкциялар жорий қилишини эълон қилди. 

7 апрель куни Австралия Россия элитасининг 67 вакилига қарши санкция киритди. Швейцария эса Россиянинг 8 миллиард доллардан ортиқ активларини блоклади.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

74

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг