Австралия ҳам Украинага қўшин юбориши мумкин

Олам

image

Австралия Буюк Британия, Франция, Канада ва бошқа давлатларга қўшилиб, Россия билан тинчлик келишувидан сўнг Украинага тинчликпарвар кучлари юбориши мумкин. Бу ҳақда Австралия Бош вазири Энтони Альбанезе маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, мамлакат ҳукумати аввалги позициясини ўзгартириб, эндиликда кўп миллатли тинчликпарвар кучлар таркибида Украинага қўшин юбориш бўйича ҳар қандай таклифни кўриб чиқишга тайёр бўлган.

“Ҳозирда тинчликпарвар миссия бўйича муҳокамалар олиб борилмоқда ва менинг ҳукуматим ҳар қандай таклифни кўриб чиқишга очиқ. Чунки Австралия тарихан тинчликпарварлик фаолиятида муҳим роль ўйнаб келган”, деди Бош вазир Сиднейдаги матбуот анжуманида.

Тадбирда, шунингдек, АҚШнинг Украинага ҳарбий ёрдамни тўхтатиши масаласи ҳам муҳокама қилинган. Альбанезе Украина Президенти Владимир Зеленскийни қўллаб-қувватлашини тасдиқлаб, “Украина халқининг ўз суверенитетини ҳимоя қилиш учун олиб бораётган жасоратли кураши”ни эътироф этган. Унга кўра, Украинага ёрдам бериш Австралиянинг миллий манфаатларига ҳам мос келади, чунки бу мамлакат халқаро ҳуқуқ устуворлиги учун курашмоқда.

“Австралия бу борада ёрдам беришга тайёр”, дея таъкидлаган Бош вазир.

Унга кўра, Австралия Украинага 1,5 миллиард доллар ажратган, шундан 1,3 миллиард доллари тўғридан тўғри ҳарбий ёрдамга йўналтирилган.

“Биз Украинада тинчлик ўрнатилишини истаймиз, аммо Россиянинг ноқонуний ва ахлоқсиз ҳаракатлари мукофотланмаслиги керак. Россия Президенти Владимир Путин ва унинг империалистик режаларини қўллаб-қувватлаб бўлмайди”, деди Албанесе.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ “Bloomberg” ўз манбаларига таяниб, Туркия ҳам ўз қўшинларини Украинага юбориб, эришилган тинчлик келишувлари бажарилишини кафолатлашга тайёр эканини хабар қилган эди. Унга кўра, Туркия НАТО таркибида АҚШдан кейин энг йирик қуролли кучларга эга бўлиб, унинг ёрдами, айниқса, совуқ уруш тугаганидан кейин армиялари сезиларли даражада қисқарган Европа мамлакатлари учун жуда фойдали бўлиши мумкин.


Мақола муаллифи

Теглар

Австралия Украина тинчликпарвар кучлар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг