AUKUS можароси. Франция АҚШ ва Австралиядан элчиларини чақиртириб олади

Олам 4576
image
-

Франция АҚШ ва Австралиядан ўз элчиларини чақиртириб олади. Бу мамлакатларнинг жорий йилнинг 15 сентябрида тузган шартномаси билан боғлиқ. Бу ҳақда Франция Ташқи ишлар вазири Жан-Ив Ле Дриан маълум қилган.  

“Республика Президенти Эммануэль Макроннинг кўрсатмасига биноан мен АҚШ ва Австралиядаги элчиларимиз билан маслаҳатлашиш учун уларни Парижга зудлик билан чақиртириб олишни буюрдим. Бу 15 сентябрь куни Австралия ва АҚШ томонидан берилган баёнотларнинг ўта жиддийлиги билан боғлиқ”, деган вазир. 

Вазирга кўра, гап Австралиянинг океан тоифасидаги француз сув ости кемаларини етказиб бериш тўғрисидаги шартномадан чиқиб кетиши ва АҚШ билан ядровий сув ости кемаларини қуриш бўйича янги ҳамкорликка кириши ҳақида кетмоқда. 

“Бу иттифоқчилар ва шериклар ўртасидаги муносабатларда қабул қилиниши мумкин бўлмаган хатти-ҳаракатлар, унинг оқибатлари иттифоқчилик, шериклик тушунчасига ва Ҳинд-Тинч океани минтақасининг Европа учун аҳамиятига таъсир қилади”, деган у.  

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 15 сентябрь куни АҚШ Президенти Жо Байден, Австралия Бош вазири Скотт Моррисон ва Буюк Британия Бош вазири Борис Жонсон хавфсизлик соҳасида янги уч томонлама ҳамкорлик – AUKUS йўлга қўйилганини маълум қилганди. 

Рушана Султонова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 177
Рейтинг: 3
t
×