Атамбоевнинг қамалишида ҳам, озод этилишида ҳам адолат ҳиди келмаяпти – сиёсатшунос
Олам
−
15 Февраль 2023
13907Қирғизистонлик сиёсатшунос Эмиль Жўраев мамлакат собиқ Президенти Алмазбек Атамбоевнинг қамоқдан озод этилиши адолатли бўлмаганини айтди. Бу ҳақда у ўзининг Twitter саҳифасида келтирган.
Экспертнинг фикрича, жамият 11 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган собиқ давлат раҳбари нима учун олий суд биргина имзоси билан бирданига қамоқдан озод этилганини билишга ҳақли.
Унинг қайд этишича, Атамбоев қандай суд қилинган бўлса, худди шундай тарзда, ҳар қандай ҳуқуқий нормаларни бузган ҳолда озод қилинди.
“Унинг ҳукмида ҳам, озод этилишида ҳам ҳали адолат ҳиди келмаяпти. Агар кеча адолат тикланган бўлса, кўп одамлар ҳеч бўлмаганда содир этилган қонунбузарликлар учун ишдан бўшатилиши керак эди. Агар улар аллақачон ҳукм қилинган шахсни шу қадар тез ва осон озод қилишга муваффақ бўлишса, бундан ҳам узоқ вақт олдин улар Кампиробод сув омборини қўриқлаш қўмитасининг ҳибсга олинган аъзоларига нисбатан эҳтиёт чорасини ўзгартириши мумкин эди”, дейди сиёсатшунос.
У собиқ Президентнинг ҳибсда қолиши ҳукумат барқарорлигига таҳдид солиши учунгина озод этилганига шубҳа билдирган.
“Агар Атамбоевда бундай муаммоларни яратишга қодир бўлса, уни қамаб қўйган маъқул. Улар бошқа сабабларга кўра қўйиб юборилган. Бизга қайси бири айтилмаган. Шунинг учун биз тахмин қилмоқдамиз”, дейди Эмиль Жўраев.
Унинг сўзларига кўра, Атамбоев байрам қилмоқда ва у умуман касал эмас.
Сиёсатшуноснинг таъкидлашича, Атамбоевга нисбатан қилинган барча ишлар, собиқ Президентнинг дахлсизлиги олиб ташланганидан тортиб, уни озод қилиш тўғрисидаги қароригача қонунга тупуришнинг бутун мажмуасидир.
“Бу воқеадан Қирғизистон халқи бир нарсани кўради: жиноят ва жазо қонун билан боғлиқ эмас”, дейди у.
Маълумот учун, 2020 йилда Атамбоев 2013 йилда қонундаги ўғри Азиз Батукаевни ноқонуний равишда озод қилингани билан боғлиқ иш юзасидан 11 йилу икки ойга озодликдан маҳрум қилинганди.
Бундан ташқари, Атамбоев 2019 йилнинг 7-8 август кунлари Қўй-Тош қишлоғида содир бўлган тартибсизликлар, коррупция ва “пул ювиш”, Туркия фуқароларига ноқонуний паспорт бериш билан боғлиқ ишлар билан айбланган.
2022 йил 16 июнь куни Атамбоев Бишкекдаги Калис-Ордо турар-жой массивида мактаб қурилиши ва Туркия фуқароларига ноқонуний паспорт бериш бўйича жиноий иш бўйича оқланган эди.
2022 йил 28 июнь куни эса Бишкекнинг Первомай туман суди Атамбоевни 2020 йил октябрь ойида оммавий тартибсизликлар уюштирганлик ишида жиноят таркиби йўқлиги сабабли оқлаган.
Алмазбек Атамбоев даврида Бош вазир бўлган Сооронбай Жээнбеков 2017 – 2020 йилларда мамлакат Президенти лавозимини эгаллади ва у бошқарувга келибоқ Атамбоевни қамоққа ташлади.
Алмазбек Атамбоев ва Сооранбай Жээнбеков 2017 йили ўтган президентлик сайловигача яқин дўст бўлишган. Бироқ, Жээнбеков Президент бўлганидан кейин ўртада жанжал чиққан.
Келишмовчиликдан кейин Атамбоев бир неча марта Жээнбеков номига танқидий фикрларни айтган. Атамбоев Жээнбековга президентлик лавозимига келишга ҳам ёрдам берганини таъкидлаган.
Эслатиб ўтамиз, 2020 йил 4 октябрь куни Қирғизистонда навбатдаги парламент сайловлари ўтказилганди. Аммо халқ унинг натижасидан норози бўлиб, намойиш уюштирди. Натижада мамлакатда тартибсизлик ва талончилик авж олди.
Намойишлар оқибатида мамлакат Бош вазири Кубатбек Боронов ва Президент Сооронбай Жээнбеков истеъфога чиқди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь