Дубайдаги учрашув Бакиевни қайтариш учун қилинганмиди?
Олам
−
22 Февраль 2023
12328Қирғизистон республиканинг собиқ президенти Қурманбек Бакиевни ватанига қайтариш ниятида эмас. Жорий йилнинг 18 февраль куни Бирлашган Араб Амирликларининг Дубай шаҳридаги амалдаги давлат раҳбари Садир Жапаров ва собиқ президентлар ўртасида ташкил этилган учрашув бу мақсадда ўтказилмаган. Бу ҳақда Жапаров Қирғизистон давлат ахборот агентлиги “Kabar”га берган интервьюсида маълум қилди.
Садир Жапаровнинг қайд этишича, Қурманбек Бакиев судланган ва у буни унутган эмас. Суд қарори эса ҳамон амалда.
“13 йил давомида Бош прокуратура Беларусга уни бизга топшириш талаби билан тўртта экстрадиция сўровини юборди. Бизни тўрт марта рад этишди. Учрашувимдан гапирсам, бизнинг энг асосий қонунимиз Конституциядир. Асосий қонуннинг 66-моддаси 2-бандида Президент халқ ва давлат ҳокимияти бирлигини таъминлайди, деб белгиланган. Мен ўз вазифамни бажараман. Масъулиятга келсак, ҳар ким ўз айби учун Худо, тарих ва қонун олдида жавоб беради”, дейди у.
Қирғизистон Республикаси раҳбарининг таъкидлашича, кўпчилик бу учрашув собиқ президент Бакиевни ватанига қайтариш мақсадида ўтказилганини ёзмоқда.
“Агар мен Қурманбек Бакиевни олиб келмоқчи бўлсам, Дубайда эмас, Бишкекда учрашардик. Бакиевдан бошқа ҳамма пойтахтга келиши мумкин. Бакиевга кўра эса суд қарори бор. Агар у келса, уни қамоққа олиш керак. Биз суд қарорига бўйсунишимиз керак”, дея хулоса қилди у.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 18 февраль куни БААда Қирғизистон Президент Садир Жапаров бошчилигида мамлакатнинг собиқ раҳбарлари – Асқар Акаев, Қурманбек Бакиев, Роза Отунбаева, Алмазбек Атамбоев ва Сооронбай Жээнбеков ўртасида учрашув ўтказилган. Аммо куни кеча қамоқдан чиққан Атамбоев Бакиевни кўргач, ушбу учрашувни тарк этган. У бу ҳақда гапираркан, уни собиқ президентлар билан эмас, балки амалдаги давлат раҳбари Садир Жапаров ва Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси Қамчибек Ташиев билан учрашувга таклиф қилишганини, учрашувда Бакиевни кўргач, уни тарк этганини айтган.
“Мамлакатимизда тинчлик ва ҳамжиҳатликнинг ўрнатилиши ва Бакиевларнинг Қирғизистонга қайтиши орасида икки катта фарқ бор. Бирлаштириш бутунлай бошқача натижа беради. Жуда кўп қон тўкилган, жуда кўп нарсани унутмаслик керак ва унутиб бўлмайди. Жиноятчилар албатта жавоб бериши керак. Энг аввало уларни қурбонларнинг яқинлари кечириши керак. Ва умид қиламанки, Президент Садир Жапаров мени эшитиб, тўғри қарор қабул қилади”, деб фикр билдирган Алмазбек Атамбоев.
Бакиев нега Беларусга қочган
Қирғизистонда бошқарув Отунбоева ўтишидан аввал давлатни Қурманбек Бакиев бошқарган. Бош вазир Қурманбек Бакиев муддатидан олдин ўтказилган Президентлик сайловларига қадар давлат раҳбари сифатида ишлади. Президентликка асосий номзодлар Бакиевнинг ўзи ва мухолифат лидери Феликс Қулов ҳисобланар эди. Aммо Қулов ғалаба қозонган тақдирда ҳам ўзини Бош вазир этиб тайинланиши ваъдаси эвазига Бакиев фойдасига номзодини рад этди. Сайловда Бакиев ғалаба қозонди.
2009 йил 23 июлда Қирғизистонда навбатдаги Президент сайловлари бўлиб ўтди. Aмалдаги Президент Қурманбек Бакиев 90 фоизга яқин овоз олди. Бироқ кузатувчилар ушбу сайловларнинг адолатлилигини шубҳа остига олди. Ўша йилнинг 2 августида қайта сайланган Бакиевнинг инаугурацияси бўлиб ўтди. Қурманбек Бакиев ўз Президентлиги даврида кўп векторли сиёсат юргизишга ҳаракат қилди. Аммо, мамлакат иқтисодиёти барқарорлашуви ўрнига орқага қараб кетишда давом этди. Бакиев бошқарувидаги энг катта хатолардан бири эса унинг мамлакатда бир-бирига қарши бўлган АҚШ ва Россия ҳарбий базаларининг фаолият юритишини таъминлаши бўлди.
Оқибатда сўнгги 5 йилликда қўзғалмаган халқ “учинчи” томон ёрдамида ғалаён кўтарди. 2010 йилнинг баҳорида Қурманбек Бакиевнинг истеъфосини талаб қилиб, мухолифат намойишлари бўлиб ўтди. Ўша йилнинг 7 апрелида мухолифат билан Ички ишлар вазирлиги ўртасидаги тўқнашувлар қуролли инқилобга айланди, мухолифат тарафдорлари пойтахт Бишкек ва асосий маъмурий биноларни эгаллаб олди. Бакиев пойтахтдан Жалолобод вилоятига қочиб кетди. 8 апрель куни Бакиев қирғиз халқига мурожаат қилди. У мамлакатдаги вазиятни назорат қилмаслигини тан олганига қарамай, истеъфога чиқишни рад этди. Қурманбек Бакиев ташқи кучларнинг Қирғизистондаги вазиятни беқарорлаштиришдан манфаатдорлигини эълон қилди, лекин у қайси мамлакатни назарда тутганини аниқ кўрсатмади. БМТни Қирғизистонга тинчликпарвар кучларни киритишга чақирди.
2010 йилнинг 15 апрель куни Жалолободда мухолифат етакчилари ва Бакиев ўртасида музокаралар бўлиб ўтди. Мухолифат босими остида Қурманбек Бакиев хавфсизлик кафолати эвазига истеъфога чиқиш тўғрисидаги хатни имзолашга рози бўлди. Ўша куни у Қирғизистонни тарк этиб, Қозоғистоннинг Тараз шаҳрига учиб кетди ва 16 апрель куни Қозоғистонда Қирғизистон Президентлигидан истеъфога чиқиш хатини имзолаши билан Муваққат Ҳукумат тўқнашув тугаганини эълон қилди.
Уч кун ўтиб. Қурманбек Бакиев Беларусга учди. Беларусь раҳбари Александр Лукашенко Бакиев ва унинг оиласига сиёсий бошпана берди.
Таъкидлаш жоизки, Қирғизистоннинг ён қўшниси Ўзбекистон Биринчи Президенти, марҳум Ислом Каримов ушбу мамлакатдаги раҳбарият ўзгаришига олиб келган воқеаларга “Қирғизистоннинг ички иши”, деб муносабат билдирган ва қарама-қаршиликни тинч йўл билан ечишга чақирган.
LiveБарчаси