Асила Мирзаёрова Паралимпия ўйинлари рекордини ўрнатди

Спорт

image

Парижда бўлиб ўтаётган Паралимпия ўйинларининг енгил атлетика бўйича аёллар мусобақаси давом этмоқда.

Т11 классида узунликка сакраш баҳсида иштирок этаётган ўзбекистонлик Асила Мирзаёрова дастлабки уринишидаёқ 5,22 метр натижа қайд этиб, ушбу йўналишда Паралимпия ўйинлари рекордини ўрнатди. Кейинги уринишларда қайсидир спортчи сенсация кўрсатмаса, Асила олтин медални қўлга киритади.

Бундан аввалги рекорд 1996 йилги Атланта Паралимпия ўйинларида ўрнатилган бўлиб, испаниялик Ортиз 5 метру 7 сантиметр натижа қайд этганди. Асила 28 йил сақланиб турган Паралимпия ўйинлари рекордини янгилашга муваффақ бўлди.

Мирзаёрова 2023 йилнинг июль ойида Франциянинг Париж шаҳрида пара енгил атлетика бўйича жаҳон чемпионатида олтин медални қўлга киритган эди. 25 ёшли спортчи жорий йилнинг май ойида жаҳон чемпионатида ҳам рекорд ўрнатиб, ғолиб бўлганди. Шунингдек, Мирзаёрова Токио–2020 ёзги Паралимпия ўйинлари кумуш медаль соҳиби ҳисобланади.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон паралимпиадачилари мусобақани 2 та медаль билан бошлади. Жумладан, пара сузувчи Муслима Одилова ҳал қилувчи баҳсда маррага учинчи бўлиб етиб келди ва делегация ҳисобига бронза медални қўшиб қўйди. Пара таеквондо баҳсларида эса аёллар ўртасида -47 кг вазн тоифасида иштирок этаётган ўзбекистонлик Зиёдахон Исоқова финалда перулик Леонор Анжелика Эспиноза Каррансага қарши даянга чиқди ва якунда кумуш медални қўлга киритди.


Мақола муаллифи

Теглар

Паралимпия Асила Мирзаёрова

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг