Ашраф Ғани истеъфога чиқмагунга қадар Афғонистонда тинчлик бўлмайди — “Толибон”
Олам
−
23 Июль 2021
7234“Толибон” ҳокимиятни монополиялаштириш ниятида эмас. Аммо музокаралар асосида Қобулда янги ҳукумат тузилмагунча ва Президент Ашраф Ғани истеъфога чиқмагунга қадар Афғонистонда тинчлик бўлмайди. Бу ҳақда бугун, 23 июль куни ҳаракати матбуот котиби Сухайл Шоҳин маълум қилди.
“Мен шуни аниқ айтмоқчиманки, биз ҳокимиятни монополиялаштиришга ишонмаймиз, чунки илгари Афғонистонда ҳокимиятни монополлаштиришга уриниб кўрган ҳар қандай ҳукуматлар муваффақиятсизликка юз тутган. Шундай қилиб, биз ушбу формулани ишга туширишни хоҳламаймиз”, дейди Шоҳин.
Шунингдек, ҳаракат матбуот котиби яқинда Қатарда бўлиб ўтган “Толибон” ва Афғонистон ҳукумати ўртасидаги музокараларни юқори баҳолаган. Шу билан бирга, Шоҳин “Толибон” номидан Қобулнинг ўт очишни тўхтатиш ҳақидаги такрорий чақирувларига рад жавобини берган ҳамда Президент Ғани ҳокимиятдалигида бу иложсизлигини таъкидлаган.
Қайд этиш керакки, Сухайл Шоҳин нафақат “Толибон” матбуот котиби, балки ҳаракатнинг музокаралар гуруҳи аъзоси ҳамдир. У Афғонистон Президентини “уруш ўтини ёқувчи”, деб атаган ва Афғонистондаги сўнгги президентлик сайловларида фирибгарлик бўлганини таъкидлаган.
Маълумот учун, Афғонистондаги 2019 йилги президентлик сайловларида амалдаги Президент Ашраф Ғани 50,64 фоиз овоз тўплаб ғалаба қозонган. Ўз навбатида, Ғанининг энг яқин таъқибчиси ҳисобланган Абдулла Абдулла сайлов жараёнларида Ашраф Ғанининг фойдасига кўплаб қалбакилаштиришлар бўлганини таъкидлаган.
Фаоллашган “Толибон” ва Афғонистондаги кескинлик
Афғонистондаги хавфсизлик билан боғлиқ вазият жорий йилнинг апрелида АҚШ Президенти Жо Байденнинг республикада Америка қуролли кучларининг операцияси якунига етганини эълон қилганидан сўнг, анча ёмонлашди.
Жорий йилнинг 13 июль ҳолатига кўра, Қўшма Штатлар ўз қўшинларининг 95 фоизидан кўпроғини Афғонистондан олиб чиқиб кетиб бўлди. Бу жараён 31 августга қадар якунланиши кутилмоқда. Штатлар каби НАТОнинг бошқа аъзолари ҳам Афғонистонни тарк этмоқда. Жумладан, Италия, Австралия ва Германия кучлари, аллақачон, мамлакатдан чиқиб кетган.
Хорижий қўшинларнинг Афғонистонни тарк этиши фонида “Толибон” ҳаракати мамлакат ҳудудлари устидан назоратни ўрнатиш мақсадида ҳужумларни кучайтирмоқда. Толибларнинг таъкидлашича, улар айни пайтда Афғонистоннинг 85 фоизини назорат қилмоқда. Бундан ташқари, ҳаракат кучлари бир қатор қўшни давлатлар — Туркманистон, Тожикистон, Эрон ва Покистон билан чегарада жойлашган назорат пунктларини ҳам эгаллаб олган. Шундай бўлса-да, ҳаракат вакиллари Афғонистондан ташқарига чиқмасликларини ва қўшни давлатларга хавф солмасликларини қайта ва қайта таъкидламоқда.
LiveБарчаси