Аш-Шара ниҳоят Исроилга қарши баёнот берди
Олам
−
02 Май 29961 2 дақиқа
Сурия маъмуриятининг муваққат раҳбари Аҳмад аш-Шара Исроил томонидан бугун, 2 майга ўтар кечаси Дамашқдаги Президент саройи ҳудудига уюштирилган ҳаво ҳужумларини хавфли кескинлашув деб атади. Бу ҳақда аш-Шара идораси томонидан чоп этилган баёнотда сўз боради.
“Сурия Араб Республикаси президенти Исроил ишғол кучлари томонидан президент саройининг бомбардимон қилинишини кескин қоралади, бу эса хавфли эскалацияни англатади”, дейилади баёнотда.
Аш-Шара Исроилни “мамлакатни беқарорлаштиришга уриниш” ва “хавфсизлик инқирозини ёмонлаштириш”да айблади. Суриянинг ўтиш даври президенти “халқаро ҳамжамият ва араб мамлакатларини халқаро ҳуқуқни бузувчи тажовузкор ҳужумларга қарши туришда Сурияни қўллаб-қувватлашга” чақирди.
Бугун эрталаб Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху Исроил авиацияси Сурия пойтахтидаги президент саройи яқинида зарбалар берганини айтди. Унинг сўзларига кўра, бу Дамашққа Исроил Сурия хавфсизлик кучларини пойтахт жанубига жойлаштиришга йўл қўймаслигига ишора ва друзлар жамоасига таҳдиддир.
30 апрель куни қуролли гуруҳлар Дамашқ чеккасидаги друзлар яшовчи Саҳная шаҳрига бостириб кирган. Кун бўйи улар қўшимча кучларни, шу жумладан зирҳли транспорт воситаларини олиб келди ва друзларнинг қўшимча кучларининг яқинлашиш эҳтимолини йўқ қилди.
Исроил авиацияси “маҳаллий аҳолини ҳимоя қилиш” баҳонаси билан бир неча бор ҳаво ҳужумларини амалга оширди. Сурия Ташқи ишлар вазирлиги эса давлатнинг ички ишларига аралашувни қоралади.
Кеча, 1 май куни Сурия пойтахтининг жануби-ғарбида жойлашган Жарамана чеккасидаги друзлар жамияти оқсоқоллари Сурия ҳукумати билан оғир қуролларни зудлик билан ҳокимиятга топшириш ва маҳаллий аҳоли орасидан ҳуқуқ-тартибот идораларини шакллантириш тўғрисида келишиб олди.
Бундан ташқари, ўтиш даври ҳукумати Мудофаа вазирлигига бўйсунувчи минтақавий тузилмалар ҳам ташкил этиладиган Ас-Сувайдада хавфсизлик назорат пунктларини жойлаштириш бўйича келишувга эришилди.
Маълумот учун, друзлар ўзига хос араб тилида сўзлашувчи этно-конфессиявий гуруҳ бўлиб, уларнинг вакиллари Сурия, Ливан, Исроил ва Иорданияда яшайди. Сурияда 700 минг друз истиқомат қилади, бу уларни курдлар ва алавийлардан кейин мамлакатдаги учинчи йирик диний ва этник озчилик қилади.