Асад “Йилнинг коррупционер амалдори” деб топилди
Олам
−
01 Январь
4712ОCCRP суриштирувчи журналистлар консорциуми ҳокимиятдан ағдарилган ва Россияга қочган Суриянинг собиқ раҳбари Башар Асадни “2024 йилнинг коррупцион амалдори” деб атади. Бу ҳақда ташкилотнинг кеча, 31 декабрь куни эълон қилинган ҳисоботида келтирилган.
“Асад режими бутун минтақа бўйлаб зўравонлик, гиёҳвандлик ва коррупцияни тарқатиб, каптагон (синтетик гиёҳвандлик воситаси) ишлаб чиқариш ва одам савдоси, тамаки контрабандаси, қадимий буюмларни ўғирлаш, қурол савдоси ва бошқа уюшган жиноятчиликдан миллиардлаб доллар даромад олди”, дейилган ОCCRP пресс-релизида.
Араб тилидаги “Daraj.com” медиа платформаси асосчиси Алия Иброҳимнинг сўзларига кўра, Сурия ва бутун минтақа учун Асад ҳукмронлиги оқибатларини бартараф этиш учун бир неча ўн йиллар керак бўлади.
Пресс-релизда таъкидланишича, 40 мингдан ортиқ одам Кения Президенти Уильям Рутони “Йилнинг коррупционер амалдори” деб эътироф этишни таклиф қилган. Июль ойида Кенияда минглаб одамлар бюджетнинг қисқартирилиши, мамлакатдаги ишсизлик ва коррупцияга қарши намойишга чиққан эди. Бу намойишлар хавфсизлик кучлари томонидан шафқатсизларча бостирилди, кўплаб одамлар ҳалок бўлди. Бироқ, ОCCRP мукофотни Асадга беришга қарор қилди, чунки ташкилотнинг таъкидлашича, кўплаб мамлакатлар унинг жиноий ҳаракатларидан жабр кўрган.
Путин йилнинг коррупционер амалдори сифатида ҳам тан олинган
ОCCRP 2012 йилда “Йилнинг коррупционер амалдори” мукофотини “уюшган жиноятчилик ва коррупция оламидаги энг кўзга кўринган шахслар” учун рамзий шараф сифатида яратган. 2014 йилда у Донбассда урушни қўзғатгани ва Россияни пул ювиш бўйича йирик марказга айлантиргани учун Россия Президенти Владимир Путинга берилган. Путиндан ташқари, ушбу “мукофот” “Вагнер” хусусий ҳарбий компанияси раҳбари Евгений Пригожин, шунингдек, Беларусь резиденти Александр Лукашенкога ҳам топширилган.
Экваториал Гвинея диктатори ҳам тақдирланди
2024 йилда ОCCRP биринчи марта “Умр бўйи муваффақиятга қарши кураши учун” махсус тоифасини тақдим этди. Мукофотни Экваториал Гвинея Президенти, дунёда энг узоқ вақт ҳукмронлик қилаётган диктаторлардан бири Теодоро Обианг Нгема Мбасого олди. У 1979 йилда амакисини ҳокимиятдан ағдариш учун давлат тўнтаришига бошчилик қилган ва ўша пайтдан бери ноқонуний ҳибсга олиш, қийноқлар орқали ўзгача фикрни бостирган.
“Қўрқитиш, репрессия ва коррупция орқали Теодоро Обианг бойлик ва жазосизлик сулоласини яратди. Унинг диктаторлик тенденциялари бутун Африка қитъасидаги ҳукмдорлар томонидан тақлид қилинмоқда. Бугунги давлат тўнтариши етакчилари унга ўхшаган коррупциянинг отаси бўлишга интилиб, унга чўқинтирган ота сифатида қарайди”, деган ганалик суриштирувчи журналист Анас Аремейо Анас.
LiveБарчаси