Асад режими қулагач, 100 минг суриялик уйига қайтди – БМТ
Олам
−
09:43
2008Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Халқаро Миграция Ташкилоти (ХМТ) Сурияда ўтган ҳафта Башар Асад режими қулаганидан буён 250 минг киши ўз уйларига қайтганини, улардан 100 минг нафари мамлакат ташқарисида истиқомат қилаётган сурияликлар эканини билдирди. Бу ҳақда ХМТнинг ёзма баёнотида сўз боради.
Баёнотда 2011 йилда фуқаролик уруши бошланганидан буён Сурия катта вайронагарчилик ва оммавий кўчирилишларни бошдан кечиргани, 6 миллиондан ортиқ сурияликнинг мамлакатни тарк этгани, 5,5 миллион кишининг эса Сурия ичида уй-жойини тарк этгани қайд этилди.
"Сурияда 17 миллион киши ҳамон ёрдамга муҳтож ва умумий аҳолининг 90 фоизи қашшоқлик чегарасида яшайди. Урушдан қочган минглаб суриялик қочқинлар ҳозир уйларига қайтмоқда, бошқалари эса маҳаллий шароит уларнинг эсон-омон қайтишига имкон берадими ёки йўқлигини баҳоламоқда. Ўтган ҳафта 250 мингга яқин одам уйига қайтди, уларнинг 100 минг нафари мамлакат ташқарисида истиқомат қилувчи сурияликлар", дея хабар берди ташкилот.
Сурияликлар уруш пайтида тасаввур қилиб бўлмайдиган даражада зўравонлик ва вайронагарчиликларга гувоҳ бўлди, бутун шаҳарлар вайроналарга айланган. Ҳозирда Сурияда бўлган ХМТ Бош директори Эми Попе БМТ Суриянинг улкан гуманитар эҳтиёжларини қондириш, реконструкция қилишга кўмаклашиш ва аҳолини барқарорлаштириш учун ҳаётий ёрдам беришини тасдиқлади.
"Бу 14 йилдан ортиқ вайронагарчиликли тўқнашувлар давомида жуда кўп азоб ва ғалаёнларни бошдан кечирган Сурия халқи учун катта умид ва тарихий имкониятдир. Катта қийинчиликларга қарамай, халқаро ҳамжамият сурияликларни ҳаётларини тиклаш ва яхши келажакни таъминлашда қўллаб-қувватлаши керак", деди у.
У донор давлатлар, ҳамкорлар ва дипломатик миссияларни Дамашққа ХМТ гуруҳлари жойлаштирилгани ҳақида хабардор қилди ва халқаро ҳамжамиятни қочқинларни қайтариш учун ўз ресурсларини сафарбар қилишга чақирди.
Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Қочқинлар бўйича Олий комиссарлигининг Яқин Шарқ бўйича директори Рема Жамус Имсейснинг айтишича, бир миллион суриялик 2025 йилнинг июнигача қайтиши кутилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Асад режимини ағдарган “Ҳаят Таҳрир аш-Шом” гуруҳи раҳбари Аҳмад аш-Шаро (тахаллуси Абу Муҳаммад ал-Жўлоний) БМТ ва Ғарб мамлакатлари билан алоқа ўрната бошлагани хабар қилинганди. Хусусан, 16 декабрь куни у Британия вакили Энн Сноу билан учрашиб, унга халқаро санкцияларни бекор қилиш зарурлиги ҳақида гапирганди. БМТнинг гуманитар масалалар бўйича бош котиб ўринбосари Том Флетчер ҳам 17 декабрь куни Дамашқда Суриянинг янги раҳбарлари билан учрашувдан кейин "илҳомланганини" айтган ва "ҳаёт учун зарур бўлган гуманитар ёрдам кўламини сезиларли даражада кенгайтириш учун асос борлигини" таъкидлаган. Шунингдек, 17 декабрь куни Дамашқдаги немис дипломатлари ҳам илк бор Жўлоний билан тўғридан тўғри алоқа ўрнатди.
LiveБарчаси