Асад қанча пулни “туя қилди?”

Таҳлил

53 йил давомида Сурияни идора қилиб келган Асадлар режими қулагандан сўнг унинг ортидан қолган бир қанча қора доғлар бугун дунё эътибор марказидаги асосий мавзу бўлиб турибди. “Ўлим лагери” ва “Ердаги дўзах” номи билан танилаётган Сайдная қамоқхонасидаги даҳшатли манзаралар ҳамда унда режим томонидан йиллар давомида руҳан ва жисмонан эзғиланган сурияликларнинг тасвирлари дунёни жунбишга келтирмоқда. 

Ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари бу даҳшатларни ҳазм қилишга улгурмаган бир пайтда Асад томонидан ўмариб кетилгани айтилаётган 135 миллиард долларлик Сурия халқининг бойлиги ҳақидаги хабарлар ҳаммасидан ошиб тушди. Аммо бу миқдор Суриянинг айни дамдаги иқтисодий аҳволидан келиб чиқиб қаралса, инсонни ўйга толдириши мумкин. Чунки айни дамда статистик маълумотларга кўра, мамлакат ЯИМ салкам 9,5 миллиард долларни ташкил қилади. Албатта, ЯИМ 9 миллиард доллардан зўр-базўр ошадиган 23 миллион аҳолига эга Сурияда 135 миллиард доллар қаердан пайдо бўлди деган таажжуб шаклланиши табиий. 

Чунки бу сумма бутун бошли Сурия ЯИМдан 15 баробарга кўп деганидир. Асад “Ҳаят таҳрир аш-Шом” Дамашқни эгаллаганидан бироз олдин Сурияни Россия учоқлари орқали ташлаб қочди ва Москвадан қўним топди. Путин ўзининг Яқин Шарқдаги собиқ энг яқин ҳамкорига сиёсий бошпана ҳадя қилди.  Бу воқеалардан бироз вақт ўтиб, Сурия собиқ президенти, Асадлар режимининг сўнгги вакили Россияга қочганида ўзи билан жуда йирик миқдордаги миллиардларни шилиб кетгани ҳақида хабарлар тарқалди. Собиқ режимнинг разведка агентлиги аъзоси Холид Бейнинг айтишича, Асад ўзи билан 135 миллиард доллар олиб кетган.

Қолаверса, мухолифат кучлари Асад оиласига тегишли махфий туннеллар тармоғини топган. Башар Асаднинг укаси генерал-майор Моҳир Асадга қарашли қаср остидан олтин ташишга мослаштирилган кенг туннеллар тармоғи аниқлангани айтилмоқда. Албатта, бу маълумотлар ҳали расмий тасдиқланмаган. Аммо Асад режимининг ички уруш давомида катта иқтисодий маблағларни ўзлаштирганлиги борасидаги мазкур даъволар дунё ҳамжамиятини ҳайратга солмоқда. 

8 декабрь тонгида 53 йиллик Асадлар режимининг сўнгги лаҳзалари Сурияда кенг нишонланди. Яқин-яқингача террорчи клан деб номланиб келган “Ҳаят таҳрир аш-Шом” бир зумда сурияликлар кўз ўнгида уларни Асаддан қутқарган “фаришта” бўлиб кўринди. Бу ҳолат дунё ҳамжамиятида, ОАВда ҳам уларнинг имижига таъсир ўтказмай қолмади. Аввал террорчи гуруҳ, сўнгги 12 кун ичида эса босқичма-босқич исёнчи, қуролли мухолифат ва бошқа юмшоқ номлар билан аталишга муяссар бўлган бу гуруҳ сурияликлар томонидан ижобий қабул қилингани Асад режимининг узоқ йиллик хатоларидан далолат берди. Сайдная қамоқхонасидаги “дўзах” ва ҳали тасдиқланмаган Асад томонидан ташиб кетилгани айтилаётган 135 миллиард доллар эса бу фундаментал хатоларнинг кўзгудаги акси бўлди. 

Асад режимига қарши бўлганларни қамаш учун ихтисослаштирилган Сайдная қамоқхонасидаги ўта аянчли манзарага кўпчилик гувоҳ бўлиб улгурди. Аммо Башар томонидан “туя қилинган” 135 миллиард доллар ҳақидаги хабарлар ҳали ўз тасдиғини топганича йўқ. Аммо борди-ю бу маълумот ҳам ҳақиқат бўлиб чиқса, Башар Асад сурияликлар хотирасида абадий лаънат билан эсланади. У кўп эҳтимол ироқлик Саддам Ҳусайн ёки ливиялик Муаммар Каддафий каби ачиниш ва афсус надоматлар билан эсланмайди.


Мақола муаллифи

Теглар

Сурия Асад Сайдная қамоқхонаси Ўлим лагери Ердаги дўзах

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг