Асад билан ҳали учрашганим йўқ – Путин
Олам
−
16:44
3085Россия Президенти Владимир Путин Суриянинг собиқ президенти Башар Асадни Москвага келганидан кейин ҳали кўрмаганини, лекин у билан гаплашишни режалаштираётганини айтди. Бу ҳақда у бугун, 19 декабрь куни “Владимир Путин билан йил натижалари” дастурида маълум қилди.
“Президент Асад Москвага келганидан бери у билан ҳали учрашмадим. Лекин мен буни қилишни режалаштиряпман”, деди Путин.
Маълумот учун, Асад 8 декабрь куни мухолиф кучлар Дамашққа кирганидан сўнг Сурияни тарк этган ва Россиядан бошпана олган. 16 декабрда Башар Асад баёнот бериб, фуқаролар уруши ва ундан кейинги воқеалар давомида истеъфога чиқиш ёки бошпана сўраш имкониятини бирор марта ҳам кўриб чиқмаганини маълум қилди. Унга кўра, Асад жорий йилнинг 8 декабрь куни эрта тонггача Дамашқда қолган ва фақат ўша куни кечқурун Сурияни тарк этган. Мухолифат қуролли гуруҳлари Дамашққа кириб келганидан сўнг у Суриянинг Латакия вилоятига (Россиянинг Ҳмеймим авиабазаси жойлашган) йўл олган. Пойтахтни тарк этиши “россиялик иттифоқчилар билан мувофиқлаштирилган ҳолда ва жанговар операцияларни кузатишни давом эттириш мақсадида” амалга оширилган. Кечқурун эса у Россияга учиб кетган.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Россия Давлат думаси мудофаа қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Алексей Журавлёв Россияда бошпана топган Сурия собиқ президенти Башар Асадга фуқаролик беришни таклиф қилганди. Шунингдек, Асад режими ағдарилгач, собиқ президент Россияга қочганида ўзи билан 135 миллиард доллар олиб кетгани хабар қилинди.
LiveБарчаси