Ароқчи Дамашқда Асад билан учрашди (видео)
Олам
−
05 Октябрь
5184Эрон Ташқи ишлар вазири Сайид Аббос Ароқчи бугун, 5 октябрь куни Дамашқда Сурия Президенти Башар Асад билан учрашди. Бу ҳақда “Mehr News” хабар берди.
Учрашувда икки давлат расмийлари минтақавий ва халқаро масалаларни муҳокама қилган. Эрон Ташқи ишлар вазирлигига кўра, Ароқчи икки томонлама муносабатлар ва минтақавий ўзгаришлар, жумладан, Ливан ва Ғазода давом этаётган можароларни муҳокама қилган. Сурия матбуотининг хабар беришича, Асад ҳам Ароқчи билан Исроилнинг Ливанга бўлган тажовузини тўхтатиш ва ливанлик биродарларга турли халқ ва расмий даражада ёрдам бериш йўллари ҳақида гаплашган.
“Дамашққа сафаримдан мақсадим минтақадаги ўзгаришлар ҳақида маслаҳатлашувларни давом эттиришдир”, деган Аббос Ароқчи.
Президент Башар Асад Эрон Ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчи ва унга ҳамроҳ бўлган делегация билан учрашувда Сурия ва Эрон ўртасидаги стратегик муносабатлар ва бу алоқаларнинг минтақа ҳамда унга таҳдид солаётган хавф-хатарларга қарши туришдаги аҳамиятини таъкидлади.
Асад, шунингдек, босқинчилик ва оммавий қотилликнинг барча шаклларига қаршилик кўрсатиш кераклигини таъкидлади.
Маълумот учун, 1 октябрдан бери Исроил Ливаннинг жанубида “Ҳизбуллоҳ” кучларига қарши қуруқликдаги операцияни олиб бормоқда ва қўшни давлатни ҳаводан бомбардимон қилишда давом этмоқда.
1 октябрь куни Эрон Исроилни тарихда иккинчи марта йирик ракета отишмаларига дучор қилди ва буни ўзини ҳимоя қилиш ҳаракати деб атади. Исроил ҳарбийларининг айтишича, 180 га яқин баллистик ракеталар учирилган, уларнинг аксарияти тутиб олинган. Ижтимоий тармоқлардаги видеоларда Исроилнинг турли ҳудудларига қулаган снарядлар оқибатлари акс этган. Исроил расмийларига кўра, отишмада мамлакат фуқаролари орасида қурбон бўлмаган. Бир қатор оммавий ахборот воситалари Ғарбий Соҳилда бир киши, эҳтимол Ғазо секторидан бўлган фаластинлик ҳалок бўлганини хабар қилди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Эрон Ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчи юқори даражали расмий делегация билан бирга Ливан пойтахти Байрутга борган ва Ливан расмийлари билан учрашганди. Расмий хабарга кўра, вазир самолёти тиббий ёрдам юкини олиб борган.