Арманистонлик сиёсатчи очлик эълон қилди
Олам
−
23 Ноябрь 2020
7276Арманистоннинг “Дашнаксутюн” мухолифат партияси вакили, “Yerkir Media” телеканалининг ахборот-таҳлил хизмати директори Гегам Манукян бугун, 23 ноябрь куни Арманистон Бош вазири Никол Пашиняннинг истеъфосини талаб қилиб, муддатсиз очлик эълон қилаётганини маълум қилди.
“Мен Никол Пашиняннинг истеъфосини талаб қилиб, муддатсиз очлик эълон қиламан”, деб ёзган Манукян ўзининг Facebook саҳифасида. Унинг сўзларига кўра, ҳукумат ва Бош вазирнинг бузғунчи сиёсати туфайли арман халқи ўз Ватанининг бир қисмини йўқотди. Манукяннинг фикрича, амалдаги расмийлар мамлакатда бирор нарсани ўзгартира олмайди. Улар музокаралар олиб бориш ва Қорабоғ масаласида иложи борича қулай шартларга эришишга қодир эмас.
Жорий йилнинг 9 ноябрь куни Россия ва Озарбайжон Президентлари Владимир Путин, Илҳом Алиев ҳамда Арманистон Бош вазири Никол Пашинян Тоғли Қорабоғдаги ҳарбий ҳаракатларни тўлиқ тўхтатиш тўғрисида қўшма баёнот имзоладилар. Баёнотга кўра, Арманистон ва Озарбайжон эгаллаб олган позицияларида тўхташади, кейин бир қатор минтақалар Баку назорати остига ўтади. Сулҳга кўра, томонлар ўзаро асирлар, ярадорлар ва ҳалок бўлганларнинг жасадларини алмашишни аллақачон бошлади. 1960 кишидан иборат Россия тинчликпарвар кучлари эса алоқа линияси ва Қорабоғни Арманистон билан боғлайдиган Лочин йўлаги бўйлаб жойлаштирилди.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 20 ноябрь куни тушдан кейин Арманистон Бош вазири Никол Пашиняннинг истеъфосини талаб қилаётган мухолифат фаоллари Ереваннинг бир нечта марказий кўчаларини тўсиб қўйди.
“Никол хоин! Никол кетиши керак!”, дея талаб қилди Арманистон Бош вазирининг истеъфосини қўллаб-қувватловчилар.
Умиджон Нозимжонов
LiveБарчаси