Арманистонда сайлов натижалари маълум бўлди. Пашинян яна ғолиб

Олам 3169
image
-

Аввал хабар берганимиздек, кеча, 20 июнь куни Арманистонда Миллий мажлисга (бир палатали парламент) муддатидан олдин сайловлар бўлиб ўтди.  

Сайловларда Арманистон Бош вазири вазифасини бажарувчи Никол Пашиняннинг “Фуқаролик шартномаси” партияси ғалаба қозонди, буни мамлакатдаги барча — 2008 та сайлов участкаларида овозларни ҳисоблаш натижалари тасдиқлади.  

Миллий Сайлов Комиссияси маълумотларига кўра, Пашинян тарафдорлари 53,92 фоиз, Арманистоннинг экс-президенти Роберт Кочарян блоки эса 21,04 фоиз овоз тўплаган. Учинчи ўринни Арманистоннинг собиқ Президенти Серж Саргсяннинг блоки 5,23 фоиз овоз билан эгаллаган, у парламентга кириш учун 7 фоизлик тўсиқдан ўтиши керак эди. Таниқли тадбиркор Гагик Царукяннинг “Обод Арманистон” партияси 3,96 фоиз овоз тўплаган. Ушбу партия учун ўтиш чегараси беш фоизни ташкил этган. 

Кочарян блоки сайлов натижаларини шубҳали деб атаган. 

“Улар ўтган саккиз ой ичида биз кўрган жамоат ҳаётининг турли хил кўринишларидан кескин фарқ қилади”, деган унинг блоки. 

Эслатиб ўтамиз, Арманистонда ўтган йилнинг ноябрь ойида бошланган сиёсий инқироз фонида Бош вазир ва парламентда вакили бўлган партиялар раҳбарлари муддатидан олдин сайловлар ўтказишга келишиб олганди. 

Жорий йилнинг 10 май куни бўлиб ўтган махсус йиғилишда депутатлар парламентни тарқатиб юборишни қонуний равишда амалга ошириш учун зарур расмиятчиликларга риоя қилганди. Шундан сўнг, мамлакат Президенти Армен Саркисян муддатидан олдин сайловлар кунини 20 июнга белгилаганди.

Маълумот учун, Никол Пашинян 2018 йил 8 май куни Арманистон Бош вазири этиб сайланганди. 2018 йил 16 октябрда эса истеъфога чиққан. Бироқ бу расмиятчилик учун амалга оширилди. Шу орқали мамлакат парламенти тарқатиб юборилди ва 2018 йил 9 декабрь куни муддатидан олдин сайловлар ўтказилди. Унда Пашиняннинг “Менинг қадамим” блоки ғалаба қозонди. 2019 йил 14 январда у яна Бош вазир этиб тайинланди.

Рушана Султонова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 64
Рейтинг: 3
t
×