Арманистон йил охиригача Озарбайжон билан тинчлик шартномаси имзолаши мумкин
Олам
−
26 Июль 2023
2908Арманистон Бош вазири Никол Пашинян агар Баку Степанакерт (ўз-ўзини мустақил деб эълон қилган, дунё давлатлари томонидан тан олинмаган Арцах ёки Тоғли Қорабоғ Республикаси) билан алоқа ўрнатса, Озарбайжон билан шу йилнинг охирига қадар тинчлик шартномасини имзолашга рози бўлди. Бу ҳақда “Известия” хабар берди.
“Агар Боку-Степанакерт мулоқоти бошланса, бу йил охиригача тинчлик шартномасини имзолаш учун имконият бўладими? Мен шундай деб ўйлайман”, деган у матбуот анжуманида.
Шунингдек, Пашиняннинг айтишича, тинчлик шартномасида учала томонни ҳам бирдек қаноатлантирувчи шартлар бўлиши даргумон.
“Тинчлик шартномасида Арманистон ҳам, Озарбайжон ҳам, Тоғли Қорабоғ ҳам рози бўладиган банд бўлиши эҳтимоли жуда паст”, деган Пашинян.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ереван ва Баку ўзаро ҳудудий яхлитликни тан олиш бўйича келишиб олганди. Шунингдек, Арманистон Бош вазири Никол Пашинян арманлар хавфсизлиги таъминланган тақдирда (тан олинмаган) Тоғли Қорабоғни Озарбайжоннинг бир қисми сифатида тан олишга тайёрлигини маълум қилганди.
Қорабоғ уруши
2020 йил 14 июль куни Озарбайжон-Арманистон чегарасида рўй берган тўқнашувда Озарбайжон армиясининг бир генерал-майори бошлиқ 7 нафар аскарнинг шаҳид бўлиши Қорабоғнинг озод қилинишига олиб келган операциянинг бошланиши бўлди. 27 сентябрь куни Арманистон қўшинлари Тоғли Қорабоғ яқинидаги тинч аҳоли пунктларига ўт очди, Озарбайжон ўз ерларини ишғолдан озод қилиш учун “Қасос” қарши ҳужумини бошлади, натижада босиб олинган ерлар бирин-кетин озод қилинди.
2020 йилнинг 9 ноябридан 10 ноябрга ўтар кечаси “Тоғли Қорабоғда ўт очишни тўхтатиш ҳақида”ги баёнот имзоланди. Уруш якунларига кўра, Туркия қўлловидаги Озарбайжон ғалаба қилди. Россиянинг ёрдамига умид қилган Арманистон эса мағлубиятга юз тутди.
44 кунлик уруш якунларига кўра, Озарбайжон армияси мамлакатнинг 5 шаҳри, 4 та посёлка ва 286 та қишлоғини арман босқинчиларидан озод қилди. Озарбайжон Қуролли Кучларининг 2,9 мингдан ортиқ ҳарбий хизматчиси ўз она юртларини озод қилиш учун курашда ҳалок бўлди.