Арманистон яна Озарбайжон томонига ўқ ёғдирди
Олам
−
11 Сентябрь 2022
5299Озарбайжон Мудофаа вазирлиги Озарбайжон-Арманистон чегарасида навбатдаги ўқ узилгани ҳақида хабар берди.
Мудофаа вазирлигининг маълум қилишича, 10 сентябрь куни тушдан 11 сентябрь тонгига қадар Арманистон Қуролли Кучлари бўлинмалари Озарбайжоннинг Калбажар ва Лочин вилоятлари аҳоли пунктлари йўналишида Озарбайжон армиясининг позицияларини ўққа тутган.
Хабарда айтилишича, Озарбайжон армияси бўлинмалари тегишли жавоб чораларини кўрган.
Шуни қайд этиш керакки, бу жорий ой бошидан буён Арманистон Қуролли Кучларининг Озарбайжон томонга бешинчи бор ўқ узиши.
Сентябрь ойидаги биринчи қуролли провокация икки давлат етакчиларининг 31 август куни Брюсселда ўтказган ўзаро учрашувидан бир кун ўтиб содир бўлди. Пашиняннинг маълум қилишича, томонлар ушбу учрашувда ҳеч нарсага келиша олмаган.
Қорабоғ уруши
Озарбайжон ва Арманистон 2020 йил айнан Қорабоғ ҳудуди масаласида ўзаро ҳисоб-китоб қилиб олди. Иккинчи Қорабоғ уруши ёки “Ватан муҳорабаси” номи билан тарихга кирган ҳарбий тўқнашувлар 2020 йилнинг 27 сентябрь куни бошланиб, 44 кун давом этди. 2020 йилнинг 9 ноябридан 10 ноябрга ўтар кечаси “Тоғли Қорабоғда ўт очишни тўхтатиш ҳақида”ги баёнот имзоланди. Уруш якунларига кўра, Туркия қўлловидаги Озарбайжон ғалаба қилди. Россиянинг ёрдамига умид қилган Арманистон эса мағлубиятга юз тутди.
Ҳарбий салоҳияти бўйича дунёда 11-ўринда турувчи Туркия Қорабоғ урушида фаол тарзда Озарбайжонни ҳам руҳий, ҳам сиёсий, ҳам ҳарбий жиҳатдан қўллади. Аслида, Туркия Биринчи Қорабоғ урушидан бери Озарбайжонни қўллаб келади. 2010 йилда икки давлат ҳарбий ҳамкорлик борасида стратегик шерикликка эришгач, ушбу қўллов амалий кўриниш касб эта бошлади. Шундан сўнг, Туркия Озарбайжон Қуролли Кучлари учун зобитлар тайёрлаб, ушбу давлатга қурол экспорт қилиш бўйича Россия ва Исроилдан сўнг учинчи ўринга чиқди. Айниқса, ўтган 2020 йилда қурол экспорти 6 баробарга ортиб кетди. Тоғли Қорабоғдаги тўқнашувлар олдидан эса бу икки давлат ўзаро ҳарбий дала ўқув машғулотларини ўтказди. Машғулотлар якунида Туркия Озарбайжонда 2 та F-16 қирувчи самолётини ҳам қолдиргани айтилади. Туркияда ишлаб чиқарилган “Bayraktar” учувчисиз ҳарбий аппаратларининг ҳам Озарбайжон ғалабасини таъминлашдаги ўрни юқори бўлди.
44 кунлик уруш якунларига кўра, Озарбайжон армияси мамлакатнинг 5 шаҳри, 4 та посёлка ва 286 та қишлоғини арман босқинчиларидан озод қилди. Озарбайжон Қуролли Кучларининг 2, 9 мингдан ортиқ ҳарбий хизматчиси ўз она юртларини озод қилиш учун курашда ҳалок бўлди.
LiveБарчаси
Медведев Хитойга борди.
10:15