Арманистон ўз мажбуриятларини бажармаяпти – Илҳом Алиев
Олам
−
27 Апрель 2023
4002Арманистон Озарбайжонга Нахчиван мухторияти билан йўлак яратиш имкониятини бермаяпти ва ўз қўшинларини Россия контингенти вақтинча жойлашган Озарбайжон ҳудудларидан олиб чиқмаяпти. Бу ҳақда бугун, 27 апрель куни Бакуда Франциянинг Европа ва ташқи ишлар вазири Кетрин Колонани қабул қилган Президент Илҳом Алиев айтиб ўтди.
Алиев Иккинчи Қорабоғ урушидан сўнг айнан Баку Ереванга ҳудудий яхлитлик ва суверенитетни ўзаро тан олган шартнома имзолашни таклиф қилганини, шундан сўнг у Арманистонга узоқ муддатли тинчликнинг 5 та асосий тамойилини расман тақдим этганини эслатган. Озарбайжон раҳбарининг айтишича, Арманистон ўз мажбуриятларини бажармаяпти.
Давлат раҳбари арманлар Озарбайжоннинг Қорабоғ иқтисодий районига қурол-яроғ, ўқ-дорилар ва бошқа ҳарбий техникаларни олиб ўтиш учун Лочин йўлагидан фойдаланганига эътибор қаратган.
“Лочин-Хонкенди йўлига кираверишда Арманистон билан чегарада назорат-ўтказиш пунктининг очилиши Озарбайжоннинг суверен ҳуқуқидир”, деган Алиев.
Ўз навбатида Франция Ташқи ишлар вазири Алиевга Франция етакчиси Эммануэль Макроннинг саломини етказган. Унинг қайд этишича, Франция Озарбайжон ва бутун Жанубий Кавказ минтақасида тинчлик, иқтисодий ва ижтимоий ривожланиш тарафдори.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Лочин йўлагига Озарбайжон томонидан назорат-ўтказиш пункти ўрнатилиши ортидан Арманистон Ташқи ишлар вазирлиги Россияни вазиятга аралашишга чақирганди. Бу орада АҚШ Ереван ва Бакуга музокараларни давом эттиришда ёрдам беришга тайёр эканини билдирганди. Россия томони эса вазиятга қўп ойлик ҳаракатсизлик сабаб бўлганини айтиб ўтганди.
LiveБарчаси