Арманистон томони Россия тинчликпарвар кучларини ўққа тутди (видео)

Олам

image

Ижтимоий тармоқларда Россия тинчликпарвар кучлари ҳамроҳлигида байроқ ўрнатаётган Озарбайжон аскарларининг Арманистон чегарачилари томонидан ўққа тутилгани акс этган видео тарқалди. 

Маълум бўлишича, воқеа икки мамлакат чегарасидаги Хакари кўпригида кеча, 15 июнь куни маҳаллий вақт билан соат 08:40 да содир бўлган. Ҳодиса оқибатида бир нафар Озарбайжон аскари яраланган. 

Арманистон томони Озарбайжон ҳарбийлари байроқни Арманистон ҳудудига ўрнатмоқчи бўлганини даъво қилмоқда

“Озарбайжон чегара хизмати ҳарбий хизматчилари гуруҳи Арманистон Республикаси ҳудудида байроқ ўрнатиш мақсадида Хакари кўприги йўналишида юришга ҳаракат қилди. Арманистон томонидан амалга оширилган чора-тадбирлар натижасида Озарбайжон ҳарбий хизматчиларининг олдинга силжиши ва Арманистон Республикаси ҳудудида байроқ кўтаришга уринишининг олди олинди”, дейилади мамлакат Миллий хавфсизлик хизмати берган баёнотда. 

Арманистон Мудофаа вазири Сурен Папикян мамлакат парламентидаги нутқида мазкур ҳолатни 15 июнь – Арманистон Давлат рамзлари куни билан боғлаган ҳамда Озарбайжон томонининг бундан мақсади вазиятни кескинлаштириш ва арман томонига бузғунчи позицияни тиргаш эканини таъкидлаган. 

Арманистон Президентининг махсус топшириқлар бўйича элчиси Эдмон Марукян эса ўзининг Twitter саҳифасида буни “Озарбайжон Қуролли кучларининг янги провокацияси”, деб атаган

Ўз навбатида Озарбайжон томони расмий Ереваннинг даъволарини рад этиб, мамлакат чегарачилари байроқни ўз ҳудудида ўрнатганини маълум қилган. Озарбайжон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Ойхон Хожизода ўзининг Twitter саҳифасида 15 июнь куни “Лочин” ўтиш пункти яқинида мамлакат ҳарбий хизматчиларига қарата ўқ узилганини ёзган ҳамда улар Озарбайжоннинг суверен ҳудудида байроқ ўрнатаётган бўлганини таъкидлаган

“Озарбайжон ҳарбийларига қарата ўқ узилган кўприк Озарбайжон томонидан қурилган. Шу билан бирга Арманистоннинг Озарбайжон байроғи Арманистон ҳудудида кўтарилганлиги ҳақидаги даъволари мутлақо асоссиз”, деб ёзади у. 

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Озарбайжон Мудофаа вазирлиги Арманистон қуролли кучлари давлат чегараси ҳудудида провокация қўзғаш мақсадида жанговар дрондан фойдаланганини даъво қилганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Озарбайжон Арманистон байроқ

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг