Арманистон Президенти Путиндан ёрдам сўради. Мавзу Озарбайжон билан боғлиқ

Олам

image

Арманистон Президенти Армен Саркисян Россия Федерацияси Президенти Владимир Путиндан Тоғли Қорабоғдаги ҳарбий ҳаракатлар вақтида Озарбайжон асир олган ҳарбийларни Ватанга қайтаришда ёрдам сўради.

Путинга йўлланган мактубда арман жамияти ва диаспораси Озарбайжонга асир тушган ҳарбийлар ва фуқаролар атрофида юзага келган вазиятда ташвишда экани билдирилган.

Арманистон раҳбарининг сўзларига кўра, Россия Президентининг воситачилиги ушбу таъсирчан масалани ечишда муҳим роль ўйнайди.

Қайд этиш керакки, Озарбайжон арманистонлик қанча ҳарбийни асирликда ушлаб тургани ҳақида расмий маълумотлар мавжуд эмас.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 27 сентябрь куни Арманистон ва Озарбайжон Тоғли Қорабоғда ҳарбий ҳаракатларни бошлаганди. Ҳар икки томон ҳам бир-бирини ташвиқотда айблаб, тўлиқ ёки қисман ҳарбий сафарбарлик эълон қилганди.

Жорий йилнинг 9 ноябрь куни Россия ва Озарбайжон Президентлари Владимир Путин, Илҳом Алиев ҳамда Арманистон Бош вазири Никол Пашинян Тоғли Қорабоғдаги ҳарбий ҳаракатларни тўлиқ тўхтатиш тўғрисида қўшма баёнотни имзоладилар.

Баёнотга кўра, Арманистон ва Озарбайжон эгаллаб турган позицияларида тўхтади, кейин бир қатор туманлар Баку назорати остига ўтиши белгиланди. Сулҳга кўра, томонлар ўзаро асирлар, ярадорлар ва ҳалок бўлганларнинг жасадларини алмашишни аллақачон бошлади. 

Шунингдек, 1960 кишидан иборат Россия тинчликпарвар кучлари алоқа линияси ва Қорабоғни Арманистон билан боғлайдиган Лочин йўлаги бўйлаб жойлаштирилди.

Кейинчалик, Россия ҳарбийлари Тоғли Қорабоғда тинчликпарвар кучлар назоратидаги ҳудудларда миналардан тозалаш ишларини давом эттираётгани хабар қилинди.

Арманистон Бош вазири Никол Пашинян Россия қўшинлари Қорабоғда беш йилдан кўпроқ қолишидан умидворлигини билдирди. Пашинян ТАСС нашрига берган интервьюсида ушбу беш йиллик давр нимага асосланиб белгилангани ва шу вақт ичида нималар қилиш кераклиги ҳақида гапирди

Пашинянга кўра, Россия тинчликпарвар кучлари минтақада хавфсизлик ва барқарорлик кафолатларини яратиши зарур. Унинг қўшимча қилишича, РТКнинг Тоғли Қорабоғда бўлиш муддати беш йил билан чекланиб қолмайди.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия-Арманистон

Баҳолаганлар

144

Рейтинг

2.8

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

Мавзуга доир янгиликлар