Арманистон Озарбайжон устидан халқаро судга даъво киритди
Олам
−
04 Октябрь 2022
2381Арманистон Озарбайжонга қарши Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа судига ва Халқаро судга арман ҳарбий асирларининг қатл этилиши факти бўйича даъво аризаси билан мурожаат қилди. Бу ҳақда Арманистоннинг халқаро ҳуқуқий масалалар бўйича ваколатхонаси эълон қилган хабарда айтилади.
“Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа суди ва Халқаро судга арман ҳарбий асирлари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича берилган даъволар доирасида 2 октябрь куни ижтимоий тармоқларда тарқалган арман ҳарбийларининг ўлдирилиши акс этган видеолавҳа тақдим этилди. Озарбайжоннинг этник арманларнинг асосий ҳуқуқларини поймол этаётгани яна бир бор таъкидланди”, дейилади хабарда.
Аввалроқ ижтимоий тармоқларнинг арман сегментида озарбайжон аскарлари арман ҳарбий асирлари гуруҳини отиб ташлагани айтилган видео пайдо бўлган эди. Арманистон Мудофаа вазирлиги матбуот котиби Арам Торосян видеони ҳақиқий деб атади ва бу Озарбайжон Қуролли кучларининг иши эканини айтди. Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа судида маҳбуслар масаласи бўйича Арманистон вакили бўлган ҳуқуқ ҳимоячиси Сирануш Саҳакяннинг айтишича, 13-14 сентябрь кунлари чегарадаги кескинлик чоғида Жермук шаҳри яқинидаги жанговар позициялардан бирида қатл тасвири олинган.
Баку ва Ереван ўртасидаги сўнгги йирик кескинлик жорий йилнинг 13 сентябрига ўтар кечаси содир бўлган эди. Арманистон Мудофаа вазирлиги Озарбайжон Қуролли кучлари мамлакатнинг аҳоли пунктларини ўққа тутганини маълум қилди. Бакунинг қайд этишича, бу Ереваннинг провокацияларига жавобдир. Кейинроқ Озарбайжон ўт очишни тўхтатиш бўйича келишувларга эришгани ҳақида хабар берди.
Тўқнашувларда Озарбайжон томонидан 77 нафар, Арманистондан 105 нафар ҳарбий ҳалок бўлгани айтилди.
Қорабоғ уруши
1990-йиллар бошида минтақа қуролли можаро билан қамраб олинганди: Арманистон Озарбайжонга қарши агрессив ҳарбий ҳаракатларини бошлади, бу билан Озарбайжон ҳудудларини босиб олишга оид азалий режаларини амалга оширишга киришди. Мазкур режанинг марказий қисми Қорабоғни Озарбайжондан бир томонлама ажратиб олиш ва уни Арманистон таркибига қўшиб олиш бўлган. Натижада Арманистон мазкур минтақани, жумладан, Хўжали ва Озарбайжоннинг бошқа еттита туманини ишғол этди. Ушбу агрессиянинг оқибати сифатида уруш 30 минг инсоннинг бошига етди. Бир миллионга яқин озарбайжонликлар қочоққа ва мажбурий кўчманчига айланди, минглаб одамлар дом-дараксиз йўқолди.
Озарбайжон ва Арманистон 2020 йил айнан Қорабоғ ҳудуди масаласида ўзаро ҳисоб-китоб қилиб олди. Иккинчи Қорабоғ уруши ёки “Ватан муҳорабаси” номи билан тарихга кирган ҳарбий тўқнашувлар 2020 йилнинг 27 сентябрь куни бошланиб, 44 кун давом этди. 2020 йилнинг 9 ноябридан 10 ноябрга ўтар кечаси “Тоғли Қорабоғда ўт очишни тўхтатиш ҳақида”ги баёнот имзоланди. Уруш якунларига кўра, Туркия қўлловидаги Озарбайжон ғалаба қилди. Россиянинг ёрдамига умид қилган Арманистон эса мағлубиятга юз тутди.
Ҳарбий салоҳияти бўйича дунёда 11-ўринда турувчи Туркия Қорабоғ урушида фаол тарзда Озарбайжонни ҳам руҳий, ҳам сиёсий, ҳам ҳарбий жиҳатдан қўллади. Аслида, Туркия Биринчи Қорабоғ урушидан бери Озарбайжонни қўллаб келади. 2010 йилда икки давлат ҳарбий ҳамкорлик борасида стратегик шерикликка эришгач, ушбу қўллов амалий кўриниш касб эта бошлади. Шундан сўнг, Туркия Озарбайжон Қуролли Кучлари учун зобитлар тайёрлаб, ушбу давлатга қурол экспорт қилиш бўйича Россия ва Исроилдан сўнг учинчи ўринга чиқди. Айниқса, ўтган 2020 йилда қурол экспорти 6 баробарга ортиб кетди. Тоғли Қорабоғдаги тўқнашувлар олдидан эса бу икки давлат ўзаро ҳарбий дала ўқув машғулотларини ўтказди. Машғулотлар якунида Туркия Озарбайжонда 2 та F-16 қирувчи самолётини ҳам қолдиргани айтилади. Туркияда ишлаб чиқарилган “Bayraktar” учувчисиз ҳарбий аппаратларининг ҳам Озарбайжон ғалабасини таъминлашдаги ўрни юқори бўлди.
44 кунлик уруш якунларига кўра, Озарбайжон армияси мамлакатнинг 5 шаҳри, 4 та посёлка ва 286 та қишлоғини арман босқинчиларидан озод қилди. Озарбайжон Қуролли Кучларининг 2, 9 мингдан ортиқ ҳарбий хизматчиси ўз она юртларини озод қилиш учун курашда ҳалок бўлди.