Арманистон Фаластин билан дипломатик алоқа ўрнатди

Олам

image

Фаластин ва Арманистон бугун, 28 сентябрь куни расмий равишда барча даражадаги икки томонлама алоқаларни ривожлантиришга қаратилган дипломатик муносабатлар ўрнатилганлигини эълон қилди. Бу ҳақда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг Нью-Йоркдаги 79-сессияси арафасида Фаластин Бош вазири идораси маълум қилди.

Фаластин Бош вазири Муҳаммад Мустафо идораси баёнотига кўра, Мустафо Арманистон Ташқи ишлар вазири Арарат Мирзоян билан Фаластин ва Арманистон ўртасидаги дипломатик муносабатларни расмийлаштириш учун қўшма декларация имзолаган.

Мустафо Арманистоннинг Фаластин давлатини тан олишини олқишлаб, уни “тинчликка қўйилган ҳақиқий сармоя” ва Исроил ишғолига барҳам бериш ҳамда мустақил Фаластин давлатини барпо этишга қаратилган икки давлат ечимини қўллаб-қувватлаш йўлидаги амалий қадам сифатида баҳолади. Бош вазир, шунингдек, Арманистоннинг Фаластин билан боғлиқ резолюцияларга ижобий овоз бергани учун миннатдорлик билдирди.

Маълумот учун, жорий йилнинг 21 июнь куни Арманистон Ташқи ишлар вазирлиги Фаластин давлатини расман тан олди ва Арманистон бу муҳим қадамни қўйган 149-давлатга айланди. Арманистон қарори Фаластиннинг ўз суверенитетини халқаро миқёсда тан олишга қаратилган кўп йиллик дипломатик саъй-ҳаракатлари ортидан қабул қилинган. Арманистоннинг Фаластинни тан олиши араб давлатининг халқаро майдондаги мавқеини мустаҳкамлайди ва бошқа давлатлар учун ҳам худди шундай ҳаракатларга туртки бўлиши мумкин.

Жорий йилда Испания, Норвегия ва Ирландия каби давлатлар ҳам Исроилнинг Ғазога қарши ўтган октябрь ойида бошланган ҳалокатли урушидан сўнг Фаластин давлатини тан олди.

БМТ Хавфсизлик Кенгашининг зудлик билан ўт очишни тўхтатишга чақирувчи резолюциясини бузган Исроил, 2023 йилнинг 7 октябрида Фаластиннинг ҲАМАС гуруҳининг трансчегаравий ҳужумидан сўнг Ғазога қарши шафқатсиз ҳужумини давом эттирди.

Маҳаллий соғлиқни сақлаш идоралари маълумотларига кўра, ўшандан бери 41 минг 600 га яқин одам, асосан аёллар ва болалар ҳалок бўлган ва 96 минг 200 дан ортиқ киши жароҳатланган.

Исроилнинг ҳужуми озиқ-овқат, тоза сув ва дори-дармонларнинг кескин танқислигига олиб келган давом этаётган блокада шароитида ҳудуднинг деярли бутун аҳолисини кўчишига олиб келди.

Исроил, шунингдек, Ғазодаги ҳаракатлари учун Халқаро Судда геноцид айбловларига дуч келмоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

Арманистон Фаластин

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг