Арманистон Фаластиннинг мустақиллигини тан олди
Олам
−
21 Июнь
2845Арманистон Фаластинни мустақил давлат сифатида тан олганини эълон қилди. Бу ҳақда мамлакат Ташқи ишлар вазирлиги баёнотида маълум қилинди.
Вазирлик ўз қарорига сабаб сифатида “Ғазодаги ҳалокатли гуманитар вазият” эканини кўрсатган ва расмий Ереван халқларнинг сулҳ билан яшаши тамойилларига содиқлигини яна бир бор тасдиқлаб, Фаластин давлатини тан олади.
“Юқорида айтилганларга асосланиб, халқаро ҳуқуқ ҳамда тенглик, суверенитет ва халқларнинг тинч-тотув яшаши тамойилларига содиқлигини тасдиқлаган ҳолда Арманистон Республикаси Фаластин давлатини тан олади”, дейилади Арманистон ТИВ баёнотида.
Вазирликнинг қўшимча қилишича, Арманистон қарори Фаластиннинг ўз суверенитетини халқаро миқёсда тан олишга қаратилган кўп йиллик дипломатик саъй-ҳаракатлари ортидан қабул қилинган. Арманистоннинг Фаластинни тан олиши араб давлатининг халқаро майдондаги мавқеини мустаҳкамлайди ва бошқа давлатлар учун ҳам худди шундай ҳаракатларга туртки бўлиши мумкин.
Шунингдек, Кавказ давлати БМТ Бош Ассамблеясининг Ғазода зудлик билан ўт очишни тўхтатишга чақирувчи резолюцияларига қўшилган. Бундан ташқари, Арманистон Республикаси Яқин Шарқда тинчлик ва барқарорликни ўрнатиш ҳамда яҳудий ва Фаластин халқлари ўртасида доимий ярашувни ўрнатиш тарафдори.
“Турли халқаро платформаларда бизнинг позициямиз доимо Фаластин муаммосини тинч ва кенг қамровли ҳал этиш тарафдори бўлиб келган ва биз Исроил-Фаластин можаросининг “икки давлат” тамойили асосида ечимини қўллаб-қувватлаймиз. Ишончимиз комилки, бу фаластинликлар ҳам, исроилликлар ҳам ўз қонуний орзуларини рўёбга чиқаришини таъминлашнинг ягона йўли”, дея таъкидланади ТИВ баёнотида.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Словения, Дания, Норвегия ва Испания ҳам Фаластин давлатини расман тан олган эди.
Моҳира Эшпўлатова
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь