Арман халқи учун муҳим — Путин Пашиянни сайловдаги ғалабаси билан табриклади 

Олам 1176
image

Россия Президенти Владимир Путин кеча, 7 июль куни Арманистон Бош вазири вазифасини бажарувчи Никол Пашинян билан Кремлда учрашув ўтказди. Учрашувда Путин Пашинянни парламент сайловларидаги ғалабаси билан шахсан табриклаган.  

Россия раҳбарининг сўзларига кўра, Пашиняннинг ғалабаси ҳамма учун, биринчи навбатда, албатта, Арманистон учун, арман халқи учун муҳимдир. Путин сўзи давомида энг муҳими халқ ишончига эга бўлиш эканлигини таъкидлаган. 

Россия раҳбари, шунингдек, ҳар қандай мамлакат учун қийин пайтларда одамларнинг ишончи кейинги ривожланишнинг энг муҳим шарти, деган фикрни билдирган. 

“Мен сизни бу билан чин дилдан табриклайман”, дея қўшимча қилган Путин. 

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 20 июнь куни Арманистонда Миллий мажлисга (бир палатали парламент) муддатидан олдин сайловлар бўлиб ўтди.  

Сайловларда Арманистон Бош вазири вазифасини бажарувчи Никол Пашиняннинг “Фуқаролик шартномаси” партияси ғалаба қозонди, буни мамлакатдаги барча — 2008 та сайлов участкаларида овозларни ҳисоблаш натижалари тасдиқлади.   

Арманистонда ўтган йилнинг ноябрь ойида бошланган сиёсий инқироз фонида Бош вазир ва парламентда вакили бўлган партиялар раҳбарлари муддатидан олдин сайловлар ўтказишга келишиб олганди. 

Жорий йилнинг 10 май куни бўлиб ўтган махсус йиғилишда депутатлар парламентни тарқатиб юборишни қонуний равишда амалга ошириш учун зарур расмиятчиликларга риоя қилганди. Шундан сўнг, мамлакат Президенти Армен Саркисян муддатидан олдин сайловлар кунини 20 июнга белгилаганди. 

Маълумот учун, Никол Пашинян 2018 йил 8 май куни Арманистон Бош вазири этиб сайланганди. 2018 йил 16 октябрда эса истеъфога чиққан. Бироқ бу расмиятчилик учун амалга оширилганди. Шу орқали мамлакат парламенти тарқатиб юборилган ва 2018 йил 9 декабрь куни муддатидан олдин сайловлар ўтказилган. Унда Пашиняннинг “Менинг қадамим” блоки ғалаба қозонганди. 2019 йил 14 январда у яна Бош вазир этиб тайинланганди.

Рушана Султонова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 10
Рейтинг: 3.1
Теглар
t
×