Арипов Пезешкиёнга Мирзиёевнинг саломини етказди

Олам

image

Бугун, 12 май куни расмий ташриф билан Эроннинг Теҳрон шаҳрида бўлиб турган Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Ариповни Эрон Ислом Республикаси Президенти Масъуд Пезешкиён қабул қилди. Бу ҳақда Бош вазир матбуот котиби Бекзод Ҳидоятов маълум қилди.

Маълум қилинишича, дастлаб, Ўзбекистон томони мамлакат делегациясига кўрсатилаётган меҳмондўстлик учун миннатдорлик билдириб, Президент Шавкат Мирзиёевнинг йўллаган самимий саломи ва эзгу тилакларини етказган.

Учрашувда икки давлат раҳбарининг қатъий сиёсий иродаси туфайли ўзаро ҳамкорлик кенг қамровли муносабатлар даражасига кўтарилгани, олий даражада эришилган келишувларнинг амалий ижроси минтақа барқарорлиги учун ҳам муҳим экани алоҳида таъкидланган.

Шунингдек, икки томонлама муносабатларнинг устувор йўналиши бўлган савдо-иқтисодий ва инвестициявий, саноат кооперацияси, транспорт ва логистика, ҳудудлараро ҳамда маданий-гуманитар йўналишларда эришилган келишувлар ижросини таъминлаш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилган.

Теҳронга ташриф доирасида Эрон инновациялар ва технологиялар уйига ҳам ташриф буюрилиб, энергетика, тиббиёт ва фармацевтика, қишлоқ хўжалиги, IT, қурилиш сингари соҳалардаги илғор маҳсулот ва ишланмалар билан танишилган.

Шунинг билан Ўзбекистон ҳукумати делегациясининг Эронга ташрифи якунланган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Эроннинг Теҳрон шаҳрида бўлиб ўтган Ўзбекистон-Эрон бизнес форумида эронлик ишбилармонларга Хоразм ва Самарқанд вилоятларидаги саноат зоналари имкониятларидан кенг фойдаланиш таклиф этилган эди. Бизнес форумининг очилишида Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов ҳамда Эроннинг биринчи вице-президенти Муҳаммад Ризо Ореф сўзга чиққан эди.


Мақола муаллифи

Теглар

Ўзбекистон Абдулла Арипов Масъуд Пезешкиён Бекзод Ҳидоятов

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг