Арипов қўшимча сув етказиб бергани учун Тожикистон томонига миннатдорлик билдирди

Жамият 3402
image

Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов амалий ташриф билан Тожикистонда бўлиб турибди. Арипов мамлакат Бош вазири Қоҳир Расулзода билан учрашди. 

“Биздаги статистикага кўра сўнгги уч йилда ҳар икки давлат ўртасидаги савдо алоқалари икки ярим баробарга ошди. Ўзбекистоннинг Тожикистонга экспорти 2,1 баробарга ошган бўлса, Тожикистон экспорти қарийб 5 баробар ортди. Бундан келиб чиқадики, бизнинг муносабатларимиз фақат бир томонлама манфаатли ҳамкорлик эмас, балки ҳар икки томонга наф келтиради. 

Жорий йилда пандемия туфайли Ўзбекистон ва Марказий Осиёдаги бошқа давлатлар ўртасида ўзаро товар айирбошлаш пасайди, аммо фақат Тожикистон билан ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 4,3 фоизга ошиб, 317 миллион долларни ташкил этди. 

Яқин йилларда олдимизга қўйилган вазифа — ўзаро товар айланмасини 1 миллиард АҚШ долларига етказиш имкониятига эгамиз”, дейди Абдулла Арипов.

Ўзбекистон Ҳукумати раиси ўз сўзида Тожикистон раҳбариятига қўшимча сув етказиб бергани учун миннатдорлик изҳор қилган. 

“Фурсатдан фойдаланиб, жорий йилда сув танқис бўлишига қарамасдан, қўшимча сув етказиб берганингиз учун Тожикистон томонига алоҳида миннатдорлик билдирамиз”, дейди Бош вазир. 

У мамлакатлар ўртасида турли соҳаларда хусусан, илмий марказлар ўртасида тажриба алмашиш муҳим аҳамиятга эга эканини қайд этиб,  навбатдаги ишчи гуруҳ йиғилишини Тошкентда ўтказишни таклиф қилган. 

Таъкидланишича, пандемия вақтида мамлакатлар ўзаро бир-бирини қўллаб-қувватлагани ҳамкорликнинг қай даражада мустаҳкам эканини билдиради. Ариповга кўра, Ўзбекистон бу ҳамкорликни давом эттиришга тайёр. 

Бош вазир томонидан коронавирус пандемияси билан боғлиқ вазият барқарорлашгач,  қуйидагиларни амалга ошириш таклиф этилди:

•    ҳар икки давлат зиёлилари форумини ўтказиш;
•    икки давлат ёшларининг ўзаро ташрифини амалга ошириш;
•    “Битта саёҳат тури бутун минтақа бўйлаб” тамойили остида, Буюк Ипак йўли брендини ривожлантириш ва зиёрат туризми лойиҳаларини биргаликда амалга ошириш;
•    таълим ва тиббиёт борасида ҳамкорликни ривожлантириш;
•    Ўзбекистонда Тожикистон маданияти кунларини ўтказиш;
•    Душанбе шаҳрида ўзбек ва тожик санъаткорлари иштирокида концерт дастурларини ташкил этиш;

Ўз навбатида Тожикистон Республикаси Бош вазири Коҳир Расулзода ҳам ташриф учун Ўзбекистон томонига миннатдорлик билдирди. 

“Биз стратегик ҳамкоримиз ва ишончли қўшнимиз Ўзбекистон билан мустаҳкам алоқаларни қадрлаймиз. Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасида ечимини топмаган масала қолмади. Ҳурматли Абдулла Ниғматович, ушбу мажлис ташкил этилгани ва ундаги иштирокингиз учун сизга миннатдорлик билдираман”, дейди Тожикистон Республикаси Бош вазири Коҳир Расулзода.  

Qalampir.uz Tahririyati
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 41
Рейтинг: 3.1
t
×