АҚШ-Украина-Россия музокаралари: Ҳозирча нималар маълум?
Олам
−
25 Март
5720Саудия Арабистони пойтахти Ар-Риёд шаҳрида АҚШ делегацияси Украина ва Россия Федерацияси билан алоҳида ва ёпиқ эшиклар ортида музокаралар ўтказди. 23 ва 24 март кунлари бўлиб ўтган учрашувларда Россия Федерацияси ва Украина ўртасида уч йилдан ортиқ давом этаётган кенг кўламли урушда қисман сулҳ тузиш масаласи муҳокама қилинди. Музокаралар тугашига оз вақт қолганда АҚШ Давлат департаменти матбуот котиби Тэмми Брюс жараённинг бориши ҳақида изоҳ берди.
Унинг сўзларига кўра, Украина ва Россия тўлиқ ўт очишни тўхтатишга яқин.
“Биз бунга яқинмиз, қизиқ томони ҳам шу. Биз ҳеч қачон тўлиқ ўт очишни тўхтатишга ҳозиргидек яқин бўлмаганмиз”, дея таъкидлади у.
Брюс, шунингдек, айни пайтда Қора денгизда ўт очишни тўхтатиш масаласи муҳокама қилинаётганини, шундан сўнг томонлар кейинги мавзуларга ўтишларини айтди.
“Потенциал тинчлик келишуви нуқтаи назаридан, икки томон ҳам муросага келиши керак”, дея қўшимча қилди Давлат департаменти вакили.
Россия делегацияси аъзоси, Федерация Кенгашининг халқаро ишлар бўйича қўмитаси раҳбари Григорий Карасин Россия-Америка маслаҳатлашувлари бошланганидан 10 соат ўтиб якунланганини эълон қилди.
Бугун, 25 март куни Ар-Риёддаги музокаралар якунлари бўйича Россия ва АҚШнинг қўшма баёноти эълон қилиниши кутилмоқда. Битимлар имзолангани ҳақида эса хабарлар йўқ.
Бир кун аввал АҚШ ва Украина делегацияси ўртасида музокаралар бўлиб ўтди. Музокараларнинг бориши ва мазмуни ҳақида кўп нарса маълум эмас эди. Улар тугашига бир неча соат қолганда АҚШ Президенти Дональд Трамп Киев билан Украинада фойдали қазилмаларни қазиб олишдан келадиган даромадларни тақсимлаш бўйича келишув яқин орада имзоланишини кутаётганини айтди.
Бундан ташқари, у Вашингтон Украина билан Украина электр станцияларини Америка компанияларига ўтказиш бўйича музокаралар олиб бораётгани ҳақида хабар берди.
Оқ уй раҳбарининг сўзларига кўра, Ар-Риёддаги музокараларда бошқа мавзулар қаторида бу мавзулар ҳам муҳокама қилинмоқда, улар биринчи навбатда Қора денгизда ўт очишни тўхтатишга қаратилган.
“Биз ҳозир ҳудуд ҳақида гапиряпмиз. Биз чегара чизиқлари, энергетика, электр станцияларига эгалик қилиш ҳақида гапиряпмиз. АҚШ электростанцияга эгалик қилиши керак, чунки бизда тажриба бор”, дейди Трамп.
Айни пайтда, Москва Саудия Арабистонидаги музокаралардан Украинадаги урушни тугатишда сезиларли муваффақият кутмаслик кераклиги ҳақида огоҳлантирди.
“Бу ёпиқ эшиклар ортида ўтадиган музокаралар. Албатта, биз қандайдир ютуқларни кутмаслигимиз керак, чунки иш бир неча йўналишда кетаётганини тушунамиз”, деди Россия ТИВ вакили Мария Захарова.
Россия Президентининг матбуот котиби Дмитрий Песковнинг таъкидлашича, музокаралар “мавзулардан бири бўлган техник масалаларнинг маълум қисми бўйича” олиб борилмоқда.
“Ҳали жуда кўп турли жиҳатлар билан боғлиқ ишлар кўриб чиқилиши керак”, деди у.
Песковнинг сўзларига кўра, муҳокама мавзуларидан бири Қора денгизда кемалар ташиш хавфсизлиги бўлган.
Ўз навбатида, Украина Президенти Владимир Зеленский кеча, 24 март куни кечки мурожаатида Украина делегацияси АҚШ-Россия учрашуви тугаганидан кейин АҚШ делегацияси билан кейинги музокаралар ўтказишини айтди.
“Россия бу урушни чўзаётган ва халқимизни ва бутун дунёни масхара қилаётган ягона давлатдир. Россияни тинчлик сари ундаш учун кучли нарсалар, кучли қадамлар керак”, деди у.
Делегациялар таркиби
Музокараларда Украина делегациясига Мудофаа вазири Рустам Умаров ва Президент девони раҳбари ўринбосари Павло Палиса бошчилик қилди.
Россия Федерацияси томонидан Буюк Британиядаги собиқ элчи Григорий Карасин ва Россия ФХХ директори маслаҳатчиси Сергей Беседа иштирок этди.
АҚШ делегацияси таркиби расман эълон қилинмаган. “Reuters”нинг ёзишича музокарачилардан бири Миллий хавфсизлик кенгашининг катта директори Эндрю Пик эди. Учрашувларда Давлат департаментининг сиёсатни режалаштириш бўйича директори Майкл Антон ҳам иштирок этди.
“Шаттл дипломатияси”
АҚШнинг Украина бўйича махсус элчиси Кит Келлогг Ар-Риёддаги билвосита музокараларни Америка делегацияси томонлар ўртасида ҳаракатланиб, Россия ва Украина вакиллари билан “алоҳида хоналарда” учрашувлар ўтказадиган “шатл дипломатия” деб таърифлади.
Музокаралар янги раундининг асосий масаласи энергетика инфратузилмасига ўт очишни 30 кунга тўхтатишдир. Россия ҳам, Украина ҳам ушбу қисман оташкесимга принципиал равишда келишиб олди, аммо у ҳали амалга оширилмади. Қўшма Штатлар, шунингдек, ўт очишни тўхтатиш режимини Қора денгиздаги кемалар учун ҳам узайтиришга ҳаракат қилмоқда.
LiveБарчаси
Доллар курси яна тушди.
26 Март